Жаҳон | 10:12 / 01.03.2023
9286
1 дақиқада ўқилади

АҚШ Россия Украинада сезиларли муваффақиятга эришишини кутмаяпти

АҚШ маъмурияти Россия яқин бир йил ичида Украина ҳудудининг катта қисмини эгаллаб олиши учун зарур вазиятларга эга бўлиши мумкинлигини кутмаяпти. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирининг сиёсат бўйича ўринбосари Колин Кал АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида Вашингтоннинг Киевга ҳарбий ёрдами бўйича бўлиб ўтган эшитувлар чоғида маълум қилди.

Фото: AP

«Келгуси ҳафталар ва ойларда ҳудуднинг кичик бўлаклари бир томондан иккинчисига ўтишини кўриш мумкин бўлади. Менимча, Россиянинг бир йил ичида Украинани эгаллаб олиши ва муҳим ҳудудий ютуқларга эришиш қобилиятини кўрсатадиган ҳеч нарса йўқ» деди Кал.

Аввалроқ АҚШ Украинага бюджет ёрдами ва мамлакат энергетика тизимини қўллаб-қувватлаш сифатида 10 миллиард доллар ажратиши хабар қилинганди.

Маблағнинг катта қисми (9,9 миллиард доллар) Жаҳон банки механизмидан келиб тушади ҳамда «соғлиқни сақлаш, таълим ва фавқулодда вазиятлар хизматлари» фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. 

Яна 250 миллион доллар Украина энергетика тизимига йўналтирилади. 

«Ушбу маблағлар Украина бўйлаб мактаблар, шифохоналар учун генераторлар, уйлар ва бошпаналарни иситишни таъминлашга ёрдам беради», — дейилади баёнотда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид