Ўзбекистон | 10:16 / 01.03.2023
11911
3 дақиқада ўқилади

ДХХ 56 килограмм "опий" ва "гашиш" гиёҳвандлик воситаларини мусодара қилди

Сирдарёда Тожикистондан 47 кг гиёҳванд моддаларни олиб ўтган наркокурьерлар ушланди.

Видеодан кадр

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати томонидан 56 кг “опий” ва “гашиш” гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди. Бу ҳақда ДХХ хабар бермоқда.

Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Тожикистондан мамлакатга контрабанда йўли билан ўтказилган 4 кг 810 гр “опий” ва 42 кг 892 гр “гашиш” моддалари тўхтатиб қолинди.

Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида аниқланишича, Марғилон шаҳрида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланиб, жазо муддатини ўтаган шахс Тошлоқ туманида истиқомат қилувчи таниши билан бирга Бешариқ туманидаги чегара назорат ўтказиш пункти орқали Тожикистоннинг Сўғд вилояти Зафаробод туманига борган.

У ерда маҳаллий наркосавдогар билан учрашиб, юқорида келтирилган ажал оғусини 10 минг АҚШ доллари эвазига Сирдарё вилоятининг Ховос тумани ҳудудига ўтказиб беришга келишган. Курьерлар наркотик моддаларни давлат чегарасидан ўтказган вақтларида қўлга олинди.

Яшаш хонадонида 7 кг 331 гр “опий” моддасини келгусида сотиш мақсадида сақлаб келган, Ургут туманида истиқомат қилувчи фуқарога нисбатан ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида унинг кўрсатмаси асосида қариндошининг уйидан 6 кг 403 гр “опий” моддаси қўшимча ашёвий далил сифатида олинди. Ушбу наркотик моддалар ҳам Тожикистондан олиб келинган.

ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда Юқори Чирчиқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда Андижон вилоятининг Балиқчи туманида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноятлари учун судланиб, жазо муддатини ўтаган 2 нафар фуқаро 1 кг 399 гр “гашиш” моддасини 15 минг АҚШ долларига сотаётган вақтларида ушланди. Бу ҳолатда наркотик модда Қирғизистондан олиб келинган.

ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Андижон шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган 3 нафар шахс қўлга олинди. Уларнинг ёнлари ва хонадонлари кўздан кечирилганда Қирғизистондан келтирилган жами 546 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. 

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Мавзуга оид