Жаҳон | 15:43 / 02.03.2023
15066
10 дақиқада ўқилади

Шамол ағдарган ва сувда «сузган» вагонлар: энг йирик темирйўл ҳалокатлари қандай содир бўлганди?

2004 йил Ҳинд океанида содир бўлган ер силкиниши йирик цунамини келтириб чиқаради. Кучли тўлқин қирғоқларга ёпирилиб, кўплаб шаҳар ва қишлоқларни сув босади. Ўшанда Шри-Ланка қирғоқларигача етиб келган цунами ҳаракатланиб кетаётган поездни издан чиқариб юборади. Куч билан ёпирилган сув вагонларни суриб кетади. Бошқаларини ағдариб юборади. Оқибатда 2 000 киши ҳалок бўлади. Бу ҳодиса темирйўл тарихида энг кўп одам ўлган ҳалокат ҳисобланади.

Илк темирйўл тармоғи қурилганидан бошлаб ҳозиргача кўплаб поезд ҳалокатлари содир бўлган. Уларда ўн минглаб одамлар ҳалок бўлган, жароҳатланган.

Темирйўл билан боғлиқ навбатдаги ҳалокат 2023 йил 1 март куни Грецияда содир бўлди. Лариса шаҳри яқинида юк ва йўловчи поездлари ўзаро тўқнашди. Оқибатда йўловчи поезди рельсдан чиқиб кетди. Сўнгги маълумотларга кўра ҳодиса оқибатида қарийб 50 киши ҳалок бўлган. 150 нафардан ошиқ одам жароҳатланган.

Грециядаги ҳалокат тасвири / Фото: AP

Тарихда содир бўлган темирйўл ҳалокатларининг аксариятида поездлар темирйўл изидан чиқиб кетган. Бошқаларида поездлар ўзаро тўқнашган.

Темирйўл билан боғлиқ энг биринчи нохуш ҳодиса 1828 йилда рўй берган. Англияда тепловознинг оловхонаси (котёли) ёрилиб кетган ва машинист ҳалок бўлган.

Илк темирйўл ҳалокати 1842 йил 8 май куни Париж-Версал темирйўлида содир бўлади. Локомотивининг ўқи синиб, вагонлар издан чиқиб кетади.

Париж яқинидаги ҳалокат, 1842 йил

Оқибатда 55 киши ҳалок бўлади. Кўплаб инсонлар жароҳатланади. Ҳалок бўлганлар орасида таниқли француз тадқиқотчиси, океанограф Жюл-Сезар Дюмон-Дюрвил ва унинг оила аъзолари ҳам бўлган.

Кейинчалик темирйўллар оммалашган сари ҳалокатлар сони ва кўлами ҳам ошиб боради.

Энг йирик темирйўл ҳалокатлари

1944 йил 3 январ, Испания. Леон провинциясида 12 та вагондан иборат йўловчи поезди нишабликда ҳаракатланиб кетаётганда тормоз қисмида носозлик кузатилади. Оқибатда поезд бошқарувни йўқотади ва йўлдаги туннеллардан бирида рўпарадан келаётган бошқа бир поезд билан тўқнашади. Ҳодисада 500дан ошиқ одам ҳалок бўлади, яна кўплаб инсонлар жароҳатланади.

1952 йил 6 август. Москва вилоятининг Можайский туманидан ўтган темирйўлда ҳаракатланаётган йўловчи ва юк поезди тунда отни уриб юборади. Поезд остида қолган от туфайли бир нечта вагон издан чиқиб кетади. Оқибатда, поездда кетаётган 109 нафар ҳарбий курсант ҳалок бўлади. 211 нафар ҳарбий жароҳатланади.

1952 йил 8 октябр. Лондон шаҳридаги Харроу-энд-Уилдстон бекатида турган шаҳар атрофига қатновчи поездга тезюрар поезди келиб урилади. Ўшанда шаҳар атрофига қатновчи поезд вагонларида 800 нафардан ошиқ йўловчи бўлган. Экспресс унинг ёғочдан ясалган охирги учта вагонини мажақлаб ташлаган. Ҳодиса оқибатида 112 киши ҳалок бўлган. 340 киши жароҳатланган.

Лондондаги ҳалокат, 1952 йил.

1981 йил 6 июн, Ҳиндистон. Бихар штатининг Манси ва Сахарса шаҳарлари орасида ҳаракатланаётган поезд Багмати дарёси устига қурилган кўприкдан ўтаётганида поезд тепасида ўтирган 1000 нафардан кўпроқ (баъзи манбаларда 3000 кишини) одам кучли шамол учириши туфайли дарёга тушиб кетади. Беш кун давомида олиб борилган қутқарувлардан сўнг 200 кишининг жасади дарёдан олиб чиқилади. 500 нафардан ошиқ одам бедарак кетади.

Ҳиндистондаги ҳалокат, 1981 йил

1987 йил 7 август, СССР. Ростов вилоятида юк поезди соатига 140 километр тезликда ҳаракатланади ва ўзидан олдинда кетаётган йўловчи поезд билан тўқнашади. Оқибатда йўловчи поездида кетаётган 107 киши ҳалок бўлади. 114 киши жароҳатланади.

1989 йил 4 июн, Бошқирдистон. Уфа яқинидаги темирйўлда иккита йўловчи поезди ёнма-ён бўлган пайтда жуда кучли портлаш содир бўлади. Портлаш тўлқини ўнлаб вагонларини ҳавога ирғитиб юборади ва кучли олов туфайли 40 га яқин вагон ёниб кетади. Оқибатда ҳар иккала поездда бўлган одамлардан 575 нафари ҳалок бўлади. 623 киши жароҳатланади.

Уфа яқинидаги ҳалокат, 1989 йил.

1990 йил 4 январ, Покистон. Мўлтон-Карачи йўналишида ҳаракатланаётган поезд Синд провинциясидаги Суккур шаҳри яқинида ҳалокатга учрайди. 16 та вагондан иборат бўлган поезд қишлоқлардан бирида белгиланган йўлдан эмас, адашиб захира йўлдан ҳаракатланади. Оқибатда йўлда тўхтаб турган юк поездига бориб урилади. Ҳодисада 307 киши ҳалок бўлган, 700 киши жароҳатланган.

1994 йил 22 сентябр, Ангола. Уила провинциясида юк поезди одамлар гавжум жойда темирйўл изидан чиқиб кетади. Оқибатда 300 киши ҳалок бўлади, 147 киши жароҳатланади.

1995 йил 21 август, Ҳиндистон. Уттар-Прадеш штатида иккита йўловчи поездлари ўзаро тўқнашади. Оқибатда 350 киши ҳалок бўлади, 400 киши жароҳатланган.

1998 йил 3 июн, Германия. Ганновер-Гамбург йўналишида ҳаракатланаётган тезюрар поезд Қуйи Саксония федерал ери ҳудудида издан чиқиб кетади. Оқибатда 101 киши ҳалок бўлади ва 88 киши жароҳатланади. Бу ҳодиса Германияда содир бўлган энг йирик темирйўл ҳалокати ҳисобланади. Шунингдек, у тезюрар поездлар билан содир бўлган ҳалокатлар орасида ҳам энг йириги ҳисобланади.

Ганновердаги ҳалокат, 1998 йил.

1999 йил 2 август, Ҳиндистон. Ғарбий Бенгалия штатидаги Гайсал бекатига кириб келган тезюарар поезд бекат перронида турган йўловчи поезд билан тўқнашади. Оқибатда 280 киши ҳалок бўлади. Яна кўплаб одамлар жароҳатланади.

2002 йил 20 феврал, Миср. Қоҳира-Луқсор йўловчи поездида қисқа туташувлар сабабли ёнғин келиб чиқади. Оқибатда 373 киши ҳалок бўлади. 74 киши куйиш тан жароҳатларини олади. Бу ҳодиса Мисрда содир бўлган энг йирик темирйўл ҳалокати ҳисобланади.

2002 йил 25 май, Мозамбик. Моамба шаҳрида йўловчи ва юк поездлари ўзаро тўқнашади. Оқибатда 200 нафардан ошиқ одам ҳалок бўлади. 400 киши жароҳатланади.

2002 йил 24 июн, Танзания. Йўловчи поезднинг тормози ишламай қолади ва у ўзидан олдинда кетаётган юк поездига бориб урилади. Оқибатда 281 киши ҳалок бўлади, 900 киши жароҳатланади.

2002 йил 9 сентябр, Ҳиндистон. Бихар штатида тезюрар поезд дарё устидаги кўприкдан ўтаётиб издан чиқиб кетади. Йўловчилар билан тўла вагонлар сувга қулайди. Оқибатда 150дан ошиқ одам ҳалок бўлади, 200дан ошиқ одам жароҳат олади.

Ҳиндистондаги ҳалокат, 2002 йил

2004 йил 18 феврал, Эрон. Нишопур шаҳри яқинида ёқилғи ортиб кетаётган юк поезди йўловчи поезди билан тўқнашиб кетади. Оқибатда вагон цистерналарга ортилган ёқилғи ёна бошлайди. Ҳодисада 400 киши ҳалок бўлади, 460 киши жароҳатланади.

2004 йил 22 апрел, Шимолий Корея. Нефт ва суюлтирилган газ ортиб кетаётган иккита поезд ўзаро тўқнашади ва цистерна вагонлар ёниб кетади. Оқибатда 170 киши ҳалок бўлади, 1 300 киши жароҳатланади.

2004 йил 26 декабр, Шри-Ланка. Ҳинд океанида содир бўлган ер қимирлаши кучли цунамини келтириб чиқаради. Қирғоққа етиб келган цунами ҳаракатланиб кетаётган поездни темирйўл изидан чиқариб юборади. Куч билан ёпирилган сув вагонларнинг айримларини суриб кетади. Бошқаларини ағдариб юборади. Оқибатда 2 000 киши ҳалок бўлади. Бу ҳодиса темирйўл тарихида энг кўп одам ўлган ҳалокат ҳисобланади.

Шри-Ланкада цунами издан чиқариб юборган поезд, 2004 йил.

2005 йил 25 апрел, Япония. Хиого перфектурасида жойлашган Амагасаки шаҳрида тезюарар электропоездининг бешта вагони издан чиқиб кетади. Поезднинг биринчи вагони 9 қаватли уйга зарб билан урилади. Оқибатда 108 киши ҳалок бўлади ва 450 киши жароҳатланади.

2005 йил 13 июл, Покистон. Синд провинциясидаги Готки шаҳарчаси яқинидаги темирйўлда турган поездга бошқа бир поезд келиб урилади ва бир нечта вагонлар ағдарилиб темирйўлни тўсиб қўяди. Шу пайтда бошқа бир тезюрар поезд келиб ағдарилиб ётган вагонларга урилади. Ҳодиса оқибатида 300 киши ҳалок бўлади, 1000 дан ошиқ одам жароҳатланади.

Покистондаги ҳалокат, 2005

2016 йил 20 ноябр, Ҳиндистон. Уттар-Прадеш шатидаги Канпур шаҳрида Индор-Патна йўналишида ҳаракатланаётган йўловчи поезднинг 14 та вагони издан чиқиб кетади. Оқибатда 151 киши ҳалок бўлади, 200 киши жароҳатланади. Ҳалокатга темирйўл изининг шикастланиши сабаб бўлган.

Ўзбекистонда содир бўлган темирйўл авариялар

Ўзбекистонда содир бўлган поезд ҳалокатлари тўғрисида маълумотлар унча кўп эмас. Мустақиллик йилларида содир бўлган бир нечта ҳалокатнинг аксарияти юк поездлари билан содир бўлган.

2013 йил 10 октябр. Душанбе-Конибодом поезди Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида ҳалокатга учрайди. Оқибатда бир нечта вагон издан чиқиб кетади ва 65 нафар ҳарбийлар ҳамда фуқаролар жароҳатланади.

Жароҳатланганлар ва бошқа йўловчилар Ўзбекистон темирйўлларига қарашли поездда Суғд вилоятига етказиб қўйилади.

Ўшанда Тожикистон томони ҳалокатга ҳодиса юз берган жойда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани ва бу ҳақда поезд машинистига хабар берилмаганини айтиб чиққанди.

2017 йил 23 январ. Қирғизистонда содир бўлган ер силкиниши туфайли Қамчиқ довонида ер кўчади ва довондаги темирйўлдан ўтиб кетаётган юк поездининг устига тушади.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Кўчки бир нечта юк вагонларини темирйўл изидан ағдариб юборади. Шунингдек, баъзи участкаларда темирйўл изларини ҳам суриб юборади. Оқибатда темирйўл бир неча кунга ёпилиб қолади ва 2017 йил 1 феврал куни қатновлар тикланади.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

2019 йил 6 апрел. Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темирйўлининг Деҳқонобод тумани ҳудудидан ўтган қисмида кўчки содир бўлади. Иккита электровоз ва 56 та вагондан иборат поезд ҳаракатланаётганда кучли ёғингарчиликлар ортидан нам тортган ер қатлами кўчган. «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ ҳодисада ҳеч ким жабрланмаганини ва вагонлар шикастланмаганини маълум қилганди.

Деҳқонободда содир бўлган авария / Фото: Ижтимоий тармоқлар

2019 йилнинг 30 апрел. Шу куни соат 21:25 да Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темирйўлининг Оқработ – Чашмаиҳофизон темирйўл участкасининг 103 километрида (Оқработ станциясидан 8 км узоқликда) поезд ҳаракатининг ўнг томонида ер кўчкиси содир бўлади. Оқибатда кўчки йўловчи поезднинг бир нечта вагонини ағдариб юборади.

Деҳқонободда содир бўлган авария / Фото: Ижтимоий тармоқлар

«Ўзбекистон темирйўллари» АЖ ҳодисада ҳеч ким жароҳат олмаганини, ағдарилган вагонлардаги йўловчилар бошқа вагонларга ўтказилиб, манзилга етказилганини маълум қилганди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид