Болани она сути билан боқиш беқиёс даражада фойдали ва унинг аҳамиятини бошқа нарса билан солиштириш қийин. Она сути боланинг тўла потенциалда ривожланишини, иммунитети мустаҳкам бўлиши, керакли витаминларни олишини таъминлайди. Уни кейинчалик турли инфекцияларга чалинишдан, ортиқча вазн ва сурункали касалликларга дучор бўлишдан ҳимоя қилади.
Бироқ, афсуски, бугун ҳар икки чақалоқдан фақат бирига туғилганининг илк соатида кўкрак тутилади, дунё бўйича чақалоқларнинг ярмидан камроғигина то 6 ойликкача тўлиқ она сути билан озиқланади. Ваҳоланки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, болани 6 ойликкача фақат она сути билан озиқлантириш лозим.
ЖССТ она сути билан озиқлантириш бўйича Lancet журнали тайёрлаган тадқиқотни эълон қилди. Тадқиқотда айтилишича, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизими оналарнинг чақалоқларни эмизишини кўпроқ қўллаб-қувватлаши керак. Бунинг учун эса етарли миқдорда ҳақ тўланадиган оналик таътили кафолатланиши керак. Айни пайтда дунё бўйича 650 млн аёл оналик ҳимоясига эга эмас.
Бундан ташқари, сунъий сут ва болаларни озиқлантириш маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноатининг нотўғри маркетинг сиёсати ота-оналарнинг чақалоқ катта қилишда тушунмовчилик ва қийинчиликларга дуч келишига сабаб бўлмоқда.
Илмий асосланмаган даъволар
1970 йилларда Nestle компаниясининг паст ва ўрта даромадли давлатлардаги қўшимча сут маҳсулоти маркетингини тадқиқ қилиш асосида тайёрланган “Чақалоқ қотили” (“The Baby Killer”) ҳисоботи эълон қилинади. Ва шу асосида Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси 1981 йилдан бошлаб она сути ўрнини босувчи маҳсулотларни сотиш бўйича халқаро кодексни ва кейинроқ бир қанча резолюцияларни ишлаб чиқди. Лекин бу маҳсулотлар маркетинги тўхтовсиз давом этмоқда. Шу маркетинг сабаб кўкрак сути ўрнини босувчи маҳсулотларнинг сотуви йилига 55 млрд долларни ташкил қилади.
Lancet тадқиқоти қўшимча сут ишлаб чиқарувчи компаниялар боланинг нормал хатти-ҳаракати билан боғлиқ ҳолатлардан маркетинг йўлида айёрона фойдаланишаётганини қайд этади. Масалан, саноат сути боладаги безовталик ва йиғлашларни камайтиришини, коликларда (чақалоқнинг безовталаниб кучли йиғлаши) ёрдам бериши, узоқ муддатли тунги уйқуни таъминлашини таъкидлашади. Лекин оналар тўғри қўллаб-қувватланса, эмизиш орқали бу муаммолардан болажонларни халос қилиш мумкин.




















