Жамият | 12:31 / 25.11.2023
40683
5 дақиқада ўқилади

СССР даврида туғилган эркакларнинг чап қўл кўрсаткич бармоғига чандиқ урилганми? Интернетда тарқатилган навбатдаги ёлғон

Бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида бир маълумот тарқатилмоқда. Унга кўра СССР даврида туғилган эркакларнинг чап қўл кўрсаткич бармоғида кўз илғар-илғамас чандиқ бор. Ўша пайтда қандайдир тажриба учун янги туғилган чақалоқларнинг кўрсаткич бармоғини тилиб шундай чандиқ қолдиришган, деган гап қанчалик ҳақиқатга яқин?

Фото: Kun.uz

Бундан бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ғалати бир хабар тарқалди: СССР даврида туғилган эркакларнинг чап қўл кўрсаткич бармоғида кичик, кўз илғар-илғамас чандиқ бор.

Айтишларича, совет даврида туғилган ўғил бола чақалоқларнинг бармоғи қандайдир тажриба учун тилинган ва оқибатда шу чандиқ қолган. Бу гаплар қанчалик ҳақиқат?

Совет даврида туғилганларнинг чап қўл кўрсаткич бармоғида чандиқ борлиги ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларнинг рус сегментида 2018 йилда тарқала бошлаган ва муҳокамаларга сабаб бўлган.

Бу ҳақида биринчи бўлиб россиялик таниқли журналист Олег Кашин ёзган. У ижтимоий тармоқларда чандиқ ҳақидаги муҳокамаларга кўзи тушган ва дарҳол бармоқларини текширган.

Кашиннинг ҳам чап қўл кўрсаткич бармоғида худди шундай чандиқ бор экан.

Шундан сўнг у бу ҳақда Х (собиқ Твиттер) ижтимоий тармоғида пост қолдирган. Ёши катта эркаклар пост остига чандиғи бор бармоқларининг суратини жойлай бошлашган.

Совет даврида туғилган барча эркакларнинг бармоғида чандиқ борми?

Йўқ. «Барча эркакларнинг чап қўл кўрсаткич бармоғида чандиқ бор» деган гапни рад этиш жуда осон. Чунки совет даврида туғилганми ёки ундан кейинми чап қўл кўрсаткич бармоқларида чандиқ бўлмаган одамлар жуда кўп.

Бундай одамлар ўша пайтда Кашиннинг пости остига изоҳ ёзиб, бармоқларида ҳеч қандай чандиқ йўқлигини маълум қилишган. Демак, «СССР даврида туғилган барча ўғил болаларнинг чап қўл кўрсаткич бармоғини қандайдир мақсадда тилишган, шу туфайли чандиқ қолган» деган гаплар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Эркакларнинг чап қўл бармоқларида чандиқ кўпми?

Ҳа, лекин бунинг совет даврига ҳам, қандайдир яширин тажрибага ҳам алоқаси йўқ. 2014 йилда International Journal of Legal Medicine журнали одамларда қўлнинг орқа қисмида чандиқлар пайдо бўлиши (бармоқлар ҳам қўлнинг бир қисми ҳисобланади) бўйича тадқиқотни эълон қилади.

Мутахассислар 238 киши - 177 эркак ва 61 аёл иштирокида тадқиқот ўтказишади ва барча қўлларнинг фотосуратлари базасини тузишади Тадқиқотда қатнашганлар орасида турли ишларни ўнг ва чап қўлда бажарувчилар ва битта амбидекстр (икки қўлда ҳам бирдай иш бажарувчи одам шундай деб аталади) одам бор эди.

Маълум бўлишича, тадқиқот учун туширилган фотосуратларда ҳар бир эркакнинг ўнг қўлида ўртача 1,42 тадан, чап қўлида эса деярли иккитадан чандиқ бор эди. Шу билан бирга, ўрганилган барча эркаклар қўлининг тўртдан бирида ҳеч қандай чандиқ бўлмаган.

Чап қўл кўрсаткич бармоғида чандиқлар кўп бўладими?

Унчалик эмас. Ўтказилган тадқиқотда эркакларнинг бармоқларида энг кўп чандиқ ўнг қўлнинг кўрсаткич бармоғида аниқланган – барча чандиқларнинг 32 фоизи.

Чап қўл кўрсаткич бармоғи бироз ортда қолган ва аниқланган чандиқларнинг 31 фоизи унда бўлган. Бармоқларни бир бутун сифатида олганда шундай натижа бўлган.

Агар бармоқларнинг бўғимлари бўйича ҳисобланганда энг кўп чандиқ чап қўл кўрсаткич бармоғининг ўрта бўғимида – 34 та чандиқ.

Қисқа қилиб айтганда тадқиқотчиларнинг хулосалари шундай – эркаклар чап қўлининг кўрсаткич бармоғида бошқа бармоқларга қараганда кўпроқ чандиқ учрайди.

Аёллар бармоғида ҳам чандиқлар борми?

Жуда кам. Тадқиқотда қатнашган аёлларнинг бармоқларида эркакларникига қараганда чандиқлар анча камлиги аниқланган. Аслида кам одам иштирок этган тадқиқот аниқ хулосаларни бермайди.

Бироқ ўша тадқиқотлар ҳам маълум бир масалада бошланғич таассуротларни беради. Аёллар ўртасида ўтказилган тадқиқотларда чандиқлар асосан уларнинг ўнг қўлида, кўрсаткич ва ўрта бармоқларда бўлиши аниқланган.

Ўнг қўллар чап қўлларини, чап қўллар эса ўнг қўлларини кесадими?

Тадқиқотга кўра аксарият ҳолларда шундай бўлади. Чунки одамлар тиғли буюмларни қайси қўлида ушласа иккинчи қўлини кесиши эҳтимоли кўпроқ бўлади.

Ана шу мантиқдан келиб чиқилса аксарият одамлар, шу жумладан эркаклар тиғли буюмларни ўнг қўлда ушлашади ва чап қўллари бармоқларини жароҳатлашади. Яъни «заиф» қўл бармоқлари кўпроқ «жабрланади».

Хулоса

Эркакларнинг чап қўл кўрсаткич бармоғида кўз илғамас чандиқ СССРда туғилган болаларда қандайдир тажриба ўтказилгани натижасида бўлган, деган гаплар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Бу ҳақда тарқатилаётган хабарларда ҳам асос йўқ. Шунчаки чап қўл кўрсаткич бармоғида чандиқлар турли сабаблар билан пайдо бўлган. Фақат одамлар буни ҳар доим ҳам эслаб қолавермайдилар.

Интернет манбалари асосида Ғайрат Йўлдош тайёрлади. 

Мавзуга оид