Ўзбекистон | 19:24 / 03.03.2023
9098
2 дақиқада ўқилади

Кириш имтиҳонлари ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун қулайлаштирилади

Дефектология, логопедия, сурдопедагогика, олигофренопедагогика бўйича олийгоҳларга қабул тўлиқ грант асосида бўлади. Ногиронлиги бўлган шахслар давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланади, мансабдорлар қабулига навбатсиз киради. Янги қарор билан имконияти чекланган шахсларга шу ва бошқа қулайликлар тақдим этилмоқда.

Фото: AP

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун қабул тартиби ва тест тўғрисидаги маълумот, материаллар қулай форматда бўлади, уларга видеороликлар, сурдотаржима ёки субтитрлар билан намойиш этилиши кўзда тутилган.

Бу – 27 феврал куни имзоланган “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорида белгиланган.

Унга кўра, ногиронлиги бўлган шахслар билан ишловчи педагоглар сони ва салоҳиятини ошириш мақсадида “Махсус педагогика, дефектология” магистратура мутахассисликлари, жумладан, логопедия, сурдопедагогика, олигофренопедагогика бўйича олийгоҳларга қабул тўлиқ давлат гранти асосида амалга оширилади.

Шунингдек, ҳужжат билан бу тоифадаги инсонларга давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш ва давлат идораларида мансабдор шахсларнинг қабулига навбатсиз кириш бўйича имтиёзлар ҳам берилмоқда.

“Юридик ёрдам” ахборот тизимида ногиронлиги бўлган шахсларга адвокатлар томонидан ихтиёрий равишда бепул профессионал юридик ёрдам кўрсатилишига ёрдамлашувчи тизим жорий этилади.

Тиббиёт муассасасида даволанишда ногиронлиги бўлган болаларга ғамхўрлик қилиш учун унинг яқинларидан бирига шароит яратиб берилади, хусусан, бу даврга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади ҳамда бепул овқатланиш йўлга қўйилади.

Протез-ортопедия ва реабилитация буюмлари олишга сертификат бериш учун тиббий хулоса талаб этиш тартиби бекор қилинади.

Бундан ташқари, қарорга асосан 2023 йил давомида 475 нафар муҳтож шахсларни замонавий хорижий протез-ортопедия буюмлари (оёқ, сон ва болдир протези ҳамда оёқ аппарати) билан бепул таъминлаш ҳамда 1 июлга қадар ногиронлиги бўлган муҳтож шахслар таъминланадиган протез-ортопедия ва реабилитация буюмлари рўйхатини кенгайтириш кўзда тутилган. Бунда фуқароларни электр кресло-аравача, махсус функцияли ақлли соат, брайл ёзув мосламаси, овозли термометр ва тонометр, ёзги мураккаб ортопедик пойабзал каби қўшимча 6 та восита билан тизимли таъминлаш (ҳозирда амалдаги рўйхатда 18 та) режалаштирилган.

Дилшода Шомирзаева
Тайёрлаган Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид