Россия санкцияларни четлаб ўтиш учун Ўзбекистондан фойдаланиши мумкин – АҚШ
АҚШ бизнесни Россияга қарши санкцияларга риоя қилишга чақирди.
АҚШ маъмурияти бизнес вакилларини Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларга амал қилишга чақирди. Вашингтоннинг огоҳлантиришича, Россия санкцияларни четлаб ўтиш учун турли хил усулларни қўллаши мумкин, жумладан учинчи давлатлар орқали.
3 март куни АҚШ маъмурияти америкалик бизнес вакилларини Россияга нисбатан Украинадаги уруш туфайли жорий қилинган санкцияларга амал қилишга чақирди, деб хабар берди DW агентлиги Reuters маълумотларига таяниб.
АҚШ Адлия, Савдо ва Молия вазирлигининг қўшма баёнотида санкцияларга риоя қилмаслик жиноий жавобгарликка ёки бошқа мажбурлов чораларига олиб бориши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш бор.
Ҳужжатда айтилишича, хусусий компаниялар санкцияларни четлаб ўтиш усулларидан хабардор бўлиши керак: масалан, сохта ёки тахаллус остида ҳаракат қиладиган компаниялардан фойдаланиш, санкция остидаги товарларни яширин тарзда етказиб бериш.
Қайд этилишича, Хитой, Арманистон, Туркия ва Ўзбекистон каби давлатлардан тақиқланган товарларни Россия ёки Беларусга ноқонуний йўналтириш учун «транспорт пунктлари» сифатида фойдаланишлари мумкин.
«Барча турдаги компаниялар санкцияларга қатъий амал қилиш орқали масъулият билан ҳаракат қилиши керак», дейилади баёнотда.
Европа Иттифоқининг Eurostat статистика хизмати маълумотларига кўра, Украинадаги урушнинг дастлабки тўққиз ойида Европа Иттифоқидан Россияга товарлар етказиб бериш ҳажми 47 фоизга камайган. Худди шу даврда Россиянинг қўшни давлатлари, масалан, Грузия, Қозоғистон ва Қирғизистонга Европа маҳсулотларини етказиб бериш 48 фоизга ошган.
Ғарб давлатлари бундай «транзит нуқталари»га барҳам беришга ҳаракат қилмоқда. Масалан, декабр ойида Европа Иттифоқи ўтган йил давомида Россия билан савдо ҳажмини оширган Туркия ҳукуматини ўз сиёсатини қайта кўриб чиқишга чақирди.
Бундан ташқари, 2 март куни АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия вакиллари Бирлашган Араб Амирликлари билан Россияга товарлар реэкспортини тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бораётгани маълум бўлди. Хусусан, Ғарб расмийлари Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётларини қўллаб-қувватлаш учун ишлатилиши мумкин бўлган электрон компонентлар етказиб берилишидан хавотирда.