Ўзбекистон | 17:11 / 04.03.2023
9897
4 дақиқада ўқилади
Реклама

Олий таълим вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг “COVID-19” вакциналари - ҳозирги ҳолат ва истиқболлари” китоби таҳлил қилинди

Тиббиёт академияси мутахассислари Олий таълим, фан ва инновациялар вазири, Жаҳон Фанлар Академияси аъзоси Иброҳим Абдураҳмоновнинг “Covid-19 Vaccines - Currrent state and perspectives” (“COVID-19” вакциналари - ҳозирги ҳолат ва истиқболлари” номли китобига ўз муносабатларини билдиришди.

2020 йилнинг 11 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан дунёда коронавирус пандемияси бошлангани расман эълон қилинган эди. Пандемия бошлангандан буён дунёда қарийб 680 миллиондан ортиқ киши COVID-19 инфекцияси билан касалланган ва 6,8 миллиондан зиёд одам вафот этди.

Ҳозир дунё бўйлаб касалланиш ва ўлим ҳолатлари камайиб бораётган бўлсада, ЖССТ раҳбари маълумотига кўра, пандемия ҳали тугамаган. Ҳозирда коронавирус пандемиясига чалинганлар сони бўйича АҚШ (105 384 017), Ҳиндистон (44 687 162), Франция (39 630 952), Германия (38 202 571),  Бразилия (37 066 791), Япония (33 230 544), Шимолий Корея (30 543 981), Италия (25 576 852) ва Буюк Британия (24 341 615) каби давлатлар етакчилик қилмоқда.

Афсуски, ушбу офат бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Шу кунга қадар Ўзбекистон Республикасида COVID-19 инфекцияси билан касалланганлар сони 251 071  нафар кишини, вафот этганлар сони эса 1 637 нафар кишини ташкил этди. Шу вазиятда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилган оқилона давлат сиёсати натижасида пандемия даврини катта иқтисодий-ижтимоий йўқотишларсиз ўтказди.

Бугун Ер юзидаги эпидемиологик ҳолат уч йил аввалгига нисбатан яхшироқ. Бироқ COVID-19ʼга бепарво бўлиш ярамайди, чунки бу вирус инсоният учун мисли кўрилмаган муаммоларни келтириб чиқарди, жаҳон иқтисодиётини вайрон қилди, инсон саломатлигига путур етказди ва кўплаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди.

ЖССТ хулосасига кўра,  касалликка қарши максимал самарадорликка эришиш учун одамлар тўлиқ босқичда ва бустер дозада эмланишлари зарур. CОVID-19 вакциналарини ишлаб чиқиш бўйича глобал тадқиқот ишлари олиб борилди.

Дунё бўйлаб етакчи фармацевтика компаниялари, илмий тадқиқот марказлари ва етакчи ташкилотлар CОVID-19 вакциналарини ишлаб чиқара бошлади. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида анъанавий равишда заифлаштирилган, инактивацияланган вирус, рекомбинант аденовирус ва мРНКга асосланган янги платформалардан фойдаланган ҳолда CОVID-19 вакцинаси 2020 йил охиригача ишлаб чиқилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хулосасига кўра, гибрид иммунитет эгалари (касалликдан сўнг вакцина олганлар)га коронавирус юқиш эҳтимоли эмланмаган ва СOVID-19га чалинмаганларга нисбатан камида 95 фоиз паст бўлади. Шу сабабли мутахассислар барча аҳоли қатлами тўлиқ босқичда ва бустер дозада вакцина олиши зарур, деб ҳисоблайди. Илмий-тадқиқот натижалари эмлаш воситалари касалликнинг оғир ўтиши ва ўлим хавфини кескин камайтириши яна бир бор тасдиқлади. Шу билан бирга, вакциналар вирусни юқтирган беморларда инфаркт ва инсульт юзага келишининг олдини олади. Бу эса бугунги кунгача миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолди ва "вакцинация"нинг иқтисодиёт, соғлиқ ва инсон ҳаётини таъминлашдаги муҳим аҳамиятини кўрсатди.

Ўзбекистон COVID-19 вакцинасини ишлаб чиқиш, клиник синовлар, сотиб олиш ва оммавий эмлаш жараёнида маълум тажрибага эга бўлди ва ушбу китобда натижалар акс эттирилган.

Ушбу китоб COVID-19ʼнинг олдини олиш, вакцинация амалиётига асосланган бўлиб, айни дамда жуда долзарб ҳисобланади. Тиббиёт ходимлари: эпидемиологлар, инфекционистлар, вирусологлар, тиббиёт олийгоҳи профессор-ўқитувчилари, талабалари, магистрлари, клиник ординаторлари ва илмий изланувчилар, шунингдек соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари учун мўлжалланган бўлиб, коронавирусга қарши самарали вакцинани ишлаб чиқишнинг ҳозирги ва келажакдаги тенденцияларини аниқлашга ёрдам беради.

Ф.Саломова, тиббиёт фанлари доценти, Тошкент тиббиёт академияси Тиббий профилактика ва жамоат саломатлиги факультети декани. Г.Матназарова, тиббиёт фанлари доценти, Тошкент тиббиёт академияси Эпидемиология кафедраси мудири.

Реклама

Мавзуга оид