Жаҳон | 22:20 / 04.03.2023
17846
2 дақиқада ўқилади

Хитой Россияга қурол бериш ғоясидан ҳали ҳам воз кечмаган - Оқ уй 

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши расмий вакилининг маълум қилишича, Пекин огоҳлантиришларга қарамай Москвага қурол юбориш вариантини кўриб чиқмоқда.

Фото: AP

Хитой ҳалигача Россияга қурол-яроғ етказиб бериш ғоясидан воз кечмаган. Бу ҳақда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг расмий вакили Жон Кирби матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзди CNN. 

Унинг сўзларига кўра, Пекин Украинага қарши урушда ёрдам бериш мақсадида Россияга қурол етказиб бериш имкониятини ҳамон кўриб чиқмоқда. Бироқ, қарор қабул қилингани ҳақида ҳали ҳеч қандай далил йўқ. 

«Улар буни кун тартибидан олиб ташлаганига ишонмаймиз», деди Кирби CNN мухбирининг саволига. 

Феврал ойида АҚШ расмийлари Хитой ўзини тинчликпарвар сифатида кўрсатиш учун икки томонлама ўйин қилаётганини, аслида Украинага қарши урушда Россияни қўллаб-қувватлаш учун қурол юбориш имкониятларини ўрганаётганини айтган эди. Гап қайси қуроллар ҳақида кетаётгани маълум эмас. 

Ғарб расмийлари Хитой Россияни қуроллантириш йўлини танласа, оқибатларга дуч келиши ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. ОАВ хабарларига кўра, гап санкциялар қўллаш ҳақида кетмоқда.

Мавзуга оид