Жаҳон | 10:42 / 06.03.2023
4646
2 дақиқада ўқилади

Германия канцлери: Путин Ғарбнинг бирдамлигини баҳолашда адашди

Ғарб Украинага молиявий, ҳуманитар ва ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этади ва украиналикларни Россия билан муроса қилишга мажбурламайди, дея ишонтирди CNN телеканалига берган интервьюсида Олаф Шольц.

Фото: Reuters

Германия канцлери Олаф Шольцга кўра, Россия президенти Владимир Путин Украинани қўллаб-қувватлашда Ғарбнинг бирдамлигини баҳолашда адашган. «У Европа, АҚШ ва Украинанинг барча дўстлари бирдамлигини, шунингдек, биз Украинани доимий равишда қурол-яроғ билан таъминлаб туришимизни етарли даражада баҳолай олмади», деди Шольц 5 март, якшанба куни CNN телеканалига берган интервьюсида. 

Шу туфайли украиналиклар ўз ватанларини ҳимоя қилиш имконига эга бўлдилар, деди канцлер. «Улар келажакда ҳам буни уддалай оладилар», деди у ва Ғарб давлатлари «Украинани молиявий, ҳуманитар ёрдам, шунингдек, қурол-яроғ билан қўллаб-қувватлашда» давом этишини тасдиқлади. 

Россиянинг кенг миқёсли ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан бери Германия Украинанинг континентал Европа мамлакатлари орасида энг йирик донорига айланди, деб хабар берди Шольц. «У ёки бу йўл билан биз ўтган йили Украинага 14 миллиард евро бердик ва буни давом эттирамиз», — деди у. 

Германия ҳукумати раҳбари, шунингдек, Ғарб Украинага бўлажак тинчлик даври учун муайян хавфсизлик кафолатларини беришга тайёрлигини айтди. «Аммо биз ҳали бунга етиб келмадик», деди Шольц. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид