Ўзбекистон | 11:58 / 06.03.2023
30661
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳудудига қуруқ ва иссиқ ҳаво кириб келиши кутиляпти

Ўзбекистон ҳудуди бўйича кечаси ёғиб ўтган ёмғирлар аста-секин тўхтамоқда.

Фото: Kun.uz

Бугун кундуз куни Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек куннинг биринчи ярмида марказий вилоятларнинг айрим жойларида ва республика энг чекка жанубида ёмғир ёғиши мумкин. Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёмғир ёғади, баланд тоғларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.

«Ўзгидромет» хабарига кўра, республиканинг қолган ҳудудлари бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Кундузги ҳарорат +17...+22 даража атрофида, жанубда баъзи жойларда +23 даражагача бўлади.

7 мартда мамлакат ҳудудга Туркманистон ҳудудларидан қуруқ ва иссиқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, кундузги ҳаво ҳарорати +25...+28 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +30 даражагача кўтарилади.

8 ва 10 мартда республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади. 9 мартда ёғингарчилик кутилмайди.

8 мартда кундузги ҳарорат +15...+18 даражагача пасаяди, 9–10 мартда ҳарорат яна кўтарила бошлайди ва 10 мартда +21...+26 даражани ташкил этади.

6–9 мартда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15–20 метр/сониягача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилади. 7 мартда Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида шамол 22–25 метр/сониягача кучайиши мумкин. 6–10 мартда тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Пойтахтда бугун куннинг биринчи ярмида, 8 мартда кун давомида вақти-вақти билан ёмғир ёғади. 7–9 мартда ёғингарчилик кутилмайди. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7–12 метр/сония тезликда эсади.

Бугун кундуз куни ҳаво ҳарорати +19...+21 даражани ташкил этади, эртага ҳаво +25...+27 даражагача кўтарилади, 8–9 март кунлари +17...+19 даража бўлади.

Мавзуга оид