Суриядаги зилзиладан жабрланганларга ёрдам жуда кеч келишига ҳукумат мамлакат шимоли-ғарбидаги мухолифат кучлари томонидан назорат қилинадиган ҳудудларга инсонпарварлик юклари олиб кирилиши ва қутқарувчилар киришига бир ҳафта давомида рухсат бермагани сабаб бўлган. Бу ҳақда BBC билан суҳбатда халқаро ҳуқуқ соҳасидаги экспертлар, жумладан ҳуқуқшунослар, БМТнинг собиқ ходимлари ва Халқаро суд ҳакамлари айтиб беришган.

Зилзила оқибатида Сурияда 6 мингга яқин киши ҳалок бўлган, 8,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Қатор экспертлар фикрича, кўпларни халқаро ёрдам ўз вақтида етиб келмагани учун қутқаришга улгурилмаган. Фото: Getty Images

Кўпчиликка маълумки, зилзилаларда дастлабки 72 соат энг муҳими ҳисобланади, бу харобалар остидан максимал даражада кўп сонда тирик одамларни олиб чиқиш имконияти юқори бўлган вақт оралиғидир.

Фожианинг илк соатларида БМТ мамлакат шимоли-ғарбидаги ҳудудларга кириш учун чегарада қўшимча назорат-ўтказиш пунктлари очишга рухсат беришни сўраб Сурия ҳукуматига мурожаат қилган.

Экспертлар ҳисоблашича, бундай вазиятда БМТ Дамашқнинг жавобини кутмасдан, халқаро ҳуқуқнинг кенгроқ талқинини қўллаши ҳам мумкин эди.

«Агар қонун сиз оч қолган чақалоққа у чегаранинг нариги томонида тургани учун сутли каша етказиб бера олмаслигингиз ёзилган бўлса, сиз қонунни бузиш керак», деб ҳисоблайди Эндрю Гилмор.

У 2014 йилда Суриянинг исёнчилар назоратидаги ҳудудларига инсонпарварлик ёрдам жўнатиш бўйича илк резолюцияга келишилган музокараларда қатнашган БМТнинг юқори мартабали мулозимларидан бири  бўлганди.

«Вақт омили ва зудлик билан реакция кўрсатиш - зилзиладаги энг асосийсидир. БМТ эса гангиб қолиб, шунчаки ниманидир кутди», дейди бошқа бир эксперт, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адвокат Сара Кайали.

Феврал ойи бошида рўй берган зилзила оқибатида олти мингга яқин суриялик ҳалок бўлди, 8,7 мингдан ортиқ киши жабрланган. Кўпларнинг жароҳати жиддий.

Рихтер шкаласи бўйича 7,8 баллга тенг бўлган ер силкиниши эпимаркази Туркиянинг Ғозиантеп вилоятида жойлашган. Бу зилзила икки мамлакатда жами 52 мингдан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетди.

Табиий офат қурбонларининг аксари Туркия ҳиссасига тўғри келади, аммо Сурияда ҳам 6 минг атрофида одам ҳалок бўлиб, шунинг 4,5 мингдан ортиғи мамлакат шимоли-ғарбида мухолифат кучлари назоратидаги ҳудудда яшар эди.