Ўзбекистон | 22:22 / 08.03.2023
53454
3 дақиқада ўқилади

Россиялик журналист Тошкентда вафот этди

У Тошкентдаги квартирасида жонсиз ҳолда топилган.

© Дмитрий Феоктистов/ ТАСС

Россиянинг «Бюллетень кинопрокатчика» нашри бош муҳаррири, 37 ёшли журналист Александр Нечаев Тошкентда вафот этди. Бу ҳақда журнал Telegram-каналида хабар қилинган.

«Бюллетень кинопрокатчика» бош муҳаррири Александр Нечаевнинг бевақт ўлимини чексиз қайғу билан маълум қиламиз. Саша ўткир зеҳнли, очиқкўнгил, профессионал ва истеъдодли одам эди. Биз нафақат ҳамкасбимизни, балки хотирамизда абадий қоладиган яқин дўстимизни ҳам йўқотдик», дейилади хабарда.

Нечаевнинг яқинлари ТАСС нашрига «ўлим сабаби ҳозирча маълум эмаслиги»ни айтишган.

Нечаевнинг дўсти ва ҳамкасби Денис Корсаков эса Facebook саҳифасида журналистни Тошкентдаги квартирасида жонсиз ҳолда топишгани ҳақида ёзган. Нечаев Ўзбекистонга бир неча ой олдин келган бўлиб, апрел ойида Москвага қайтишни режалаштираётганди.

4 март куни у билан гаплашган Корсаковнинг айтишича, унинг сўнгги хабари Тошкент ҳақида бўлган: «Бу шаҳарни севмасликка сабаб йўқ».

«Душанба куни у мессенжердаги хабарларга ва қўнғироқларга жавоб қайтармай қўйди. Кечқурун у кинобизнес тўғрисидаги йирик нашр бўлмиш „Бюллетень кинопрокатчика“ журналининг (у бош муҳаррир эди) навбатдаги сонини топширмади. Бунақаси аввал ҳеч қачон бўлмаган: Саша ўз ишига катта масъулият билан ёндашарди. Сешанба куни Тошкентда яшайдиган танишларни топиб, текшириб кўришган. Улар ижарага олинган квартирага уй эгаси ва полиция билан боришган, эшикни очишган ва Сашани жонсиз ҳолда топишган. Ҳозирча унга нима бўлгани номаълум. Балки, бу юраги туфайлидир», — деган у.

Ўзбекистон Бош прокуратураси журналист ўлими юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилаётгани ҳақида хабар берди.

Ўлим сабабини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Натижалари ҳақида қўшимча хабар қилиниши қўшимча қилинган.

  • Нечаев 1986 йилда Саратов областининг Маркс шаҳрида туғилган. «Комсомольская правда»нинг Саратовдаги филиалида ишлаган, 2008 йилда Москвага кўчиб ўтган. Кейинроқ кино мавзусига ихтисослашган «Российская газета» учун ёзган.
  • «Бюллетень кинопрокатчика» - Россия кинобозори ҳақидаги Metropolitan Media агентлигининг ахборий ресурси ҳисобланиб, 2003 йилда ташкил этилган. 

Мавзуга оид