Ўзбекистон | 10:15 / 09.03.2023
3457
2 дақиқада ўқилади

Мўғулистон Ўзбекистонда элчихона очишни режалаштирмоқда

Ўзбекистонда жорий йилда Мўғулистон элчихонаси очилиши режалаштирилган. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов ва Мўғулистон ташқи ишлар вазири Батмунх Батцэцэгнинг 8 март куни Тошкентдаги учрашувида шу масала муҳокама қилинди. Ҳозир Тошкентда Мўғулистоннинг фахрий консуллиги бор.

Фото: Telegram / Бахтиёр Саидов

«Мўғулистоннинг Ўзбекистонда элчихона очиш қарорини олқишлаймиз. Сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар барча соҳаларда ижобий динамика кўрсатди», — деб ёзди Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram-каналида. 

Жорий йил бошида Батмунх Батцэцэг Мўғулистон Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасида иқтисодий ва савдо иштирокини кенгайтириш учун муҳим давлат сифатида кўришини маълум қилган эди. 

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, музокараларда ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш, савдо доирасини диверсификация қилиш ва қўшма ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. 

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Мўғулистон ишчи гуруҳи, шунингдек, Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш масалаларини ўрганиш бўйича келишувга эришилди. 

7 март куни бошланган ва 10 мартга қадар давом этадиган ташриф доирасида Батмунх Батцэцэг ва Мўғулистоннинг бошқа расмий вакиллари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, сармоя, саноат ва савдо, транспорт вазирликлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасида ҳам учрашувлар ўтказмоқда.  

Мавзуга оид