Ўзбекистонлик кўнгиллилар Ҳатойда аҳоли учун ҳар куни палов тайёрламоқда
Ўзбекистонликлар Туркиядаги зилзила оқибатларини бартараф этишга ҳисса қўшишда давом этмоқда.
Феврал ойидаги вайронкор зилзилалардан жабр кўрган Ҳатой вилоятининг Искендерун шаҳрига етиб келган ўзбекистонлик ошпазлар ҳалокат зонаси аҳолисига улкан қозонларда тайёрлаган анъанавий палов тарқатмоқда. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.
50 кишидан иборат ўзбекистонлик кўнгиллилар кенг кўламли табиий офат оқибатларини бартараф этиш мақсадида зилзилаларнинг иккинчи кунидаёқ Ҳатой вилоятига етиб келди. Сафар Ўзбекистон маданият, тадқиқот ва бирдамлик уюшмаси кўмагида ташкил этилган.
Кўнгиллилар муҳтожларга инсонпарварлик ёрдамини тарқатиш билан бирга, Искендерунда ташкил этилган дала ошхонасида овқат ҳам тайёрламоқда.
Қайд этилишича, ўзбекистонлик ошпазлар ҳар куни эрталаб 16 минг кишига таом тайёрламоқда, жумладан, зилзиладан жабр кўрган Искендерун, Қирихон ва Антокия ҳудудларига анъанавий ўзбек палови етказиб берилмоқда.
Гуруҳ координатори Азизбек Муҳаммадиев сўзларига кўра, ўзбекистонлик кўнгиллилар 6 февралда зилзила юз бериши биланоқ фалокат ҳудудига етиб борган. 20 нафар кўнгилли қидирув-қутқарув ишларида иштирок этган.
Муҳаммадиев қидирув-қутқарув гуруҳлари иш ниҳоясига етгач, ҳудудни тарк этгани, ошпазлар эса ўз вазифасини бажаришда давом этаётганини қайд қилди.
«Дастлаб 1500 кишига ош тарқатишни режалаштирган эдик, бироқ иссиқ овқатга зудлик билан эҳтиёж борлигини кўриб, ҳажмни оширдик. Антокия ва унинг атрофидаги вилоятларга 10 минг кишига озиқ-овқат олиб борамиз, бу ерда эса 6 минг кишига иссиқ овқат етказиб берамиз. Биз чодирларга борамиз. Одатда биз ўзбек паловини пиширамиз, уни пишириш учун 50 кг гўшт керак бўлади. Ҳозир 5 ошпаз ва 15 ёрдамчи бор, 10 киши иссиқ овқат тарқатмоқда», деди координатор.
6 феврал куни Туркиянинг жануби-шарқида магнитудаси етти баллдан ортиқ бўлган иккита зилзила содир бўлди. 9 март ҳолатига даҳшатли зилзила қурбонлари сони 46,1 минг кишидан ошди.
Мавзуга оид
11:53 / 13.11.2024
Афғонистонда содир бўлган зилзила кучи Сурхондарёда сезилди
16:43 / 06.11.2024
Эрдўған туркийзабон давлатларни умумий алифбога ўтишга чақирди
18:09 / 05.11.2024
Туркия Қирғизистоннинг ташқи қарзидан кечди
09:50 / 04.11.2024