Жаҳон | 08:27 / 11.03.2023
5972
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Евроиттифоқ Россияга уруш олиб боришда ёрдам берганларга босимни кучайтиради

Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Вашингтонда АҚШ президенти Жо Байден билан учрашди. Томонлар Россия томонидан санкцияларни четлаб ўтишига қарши фаол курашишга келишиб олдилар.

Фото: AP

Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар Россияга халқаро санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган давлатлар ва бошқа тузилмаларга босимни кучайтирмоқчи. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва АҚШ президенти Жо Байден 10 март, жума куни Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувда шу ҳақда келишиб олдилар.

«Биз Россияга уруш олиб боришда ёрдам бераётган учинчи давлатларга қарши биргаликда чоралар кўришга тайёрмиз», деди Байден ва фон дер Ляйен қўшма баёнотда. Асосий мақсад - Россиянинг санкцияларни четлаб ўтиш усулларига қарши туриш.

Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар Россия ҳарбий-саноат комплексини «янада заифлаштириш» бўйича янги чоралар кўрилишини эълон қилди, бироқ уларнинг тафсилотларини очиқламади.

«Биз Украинани қўллаб-қувватлашда давом этамиз ва Россиянинг уруш олиб бориш қобилиятини пасайтирамиз. Четлаб ўтишнинг олдини олиш учун санкцияларимизни кучайтирмоқдамиз. Россия уруш машинасига ёнилғи қуйишда давом этаётган таъминот йўлларини тўхтатишимиз керак ва унда иштирок этганларга санкциялар қўямиз», - дейилади фон дер Ляйеннинг Twitter микроблогидаги хабарда.

Учрашувнинг яна бир мавзуси Байден томонидан имзоланган қонун бўлиб, у иқлимни муҳофаза қилиш ва яшил технологиялар билан боғлиқ соҳалар учун кўп миллиард долларлик субсидияларни кўзда тутади. Европа Иттифоқида кўплаб экспертлар Американинг ушбу субсидиялари бир қатор саноат тармоқларини Европа Иттифоқидан АҚШга ўтказишга ёрдам бериши мумкинлигидан хавотирда. Учрашув якунида Жо Байден ва Урсула фон дер Ляйен Вашингтон ва Брюссел аккумуляторлар ишлаб чиқаришда қўлланадиган минераллар бўйича муроса келишувига эришишга яқин эканини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид