Спорт | 22:06 / 11.03.2023
37227
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон U20 жамоаси ЖЧ-2023 турнирига йўлланма олди

Ўзбекистон Австралияни пенальтилар сериясида мағлуб этди.

Осиё кубоги U20 чоракфинал доирасида Ўзбекистон ёшлар жамоаси Австралияга қарши майдонга тушди.

«Бунёдкор» стадионида 30 мингдан ортиқ томошабин қаршисида ўтган ЖЧ-2023га йўлланма берадиган баҳснинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. 

Иккинчи бўлимнинг 77-дақиқасига келиб океанияликлар кам сонли вазиятлардан бирини голга айлантиришди – 1:0.

Орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас, ўйингоҳ ларзага келди. Тўп Пўлатхўжа Холдорхоновдан Зафармурод Абдураҳматовга келиб тушгач, у дарвозабоннинг яқин бурчагини аниқ нишонга олди – 1:1. Асосий вақт дуранг натижа билан тугади.

Қўшимча бўлимларда ҳам ҳисоб ўзгармагач, жамоалар пенальтилар сериясига таклиф этилди. Унда омад Ўзбекистонга кулиб боқди ва Равшан Ҳайдаров шогирдлари яримфинал билан бирга Индонезияда ўтадиган ЖЧ-2023 йўлланмасини қўлга киритди. Ҳал қилувчи зарбани Умарали Раҳмоналиев аниқ амалга оширди.

Маълумот учун, Ўзбекистон яримфиналда Жанубий Корея – Хитой учрашуви ғолибига қарши майдонга тушади. Ўйин 15 март куни «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади.

Осиё кубоги U20. 1/4 финал
11 март (шанба)

Ўзбекистон — Австралия – 1:1. Пенальтилар серияси: 5:4
Ҳакам: Аммар Иброҳим (Баҳрайн)
Голлар: Зафармурод Абдураҳматов 79 – Габриэл Попович, 77.
Ўзбекистон U20: 21.Отабек Боймуродов, 3.Абдуқодир Ҳусанов, 6.Жаҳонгир Ўрозов, 7.Пўлатхўжа Холдорхонов, 8.Беҳрузбек Асқаров, 10.Умарали Раҳмоналиев, 13.Зафармурод Абдураҳматов, 14.Аббосбек Файзуллаев, 15.Диёрбек Ортиқбоев, 20.Маҳмуджон Маҳамаджанов, 22.Шерзод Эсанов (11.Шаҳриёр Жабборов, 64).
Австралия U-20: 1.Жек Варшавски, 2.Жошуа Роулинс, 3.Нектариос Триантис, 4.Крис Доннелл, 7.Бернардо Оливейра (17.Эйдан Симмонс, 60), 8.Алессандро Лопане, 9.Габриэл Попович, 10.Адриан Сегечич, 13.Панаше Маданья, 15.Жозеф Форд, 21.Жед Дрю (20.Александр Бадолато, 60).

Мавзуга оид