Кўплаб давлатлар Россия Украинага бостириб киргач у билан иқтисодий алоқаларни узди ва Россия иқтисодига зарба бериш учун санкциялар жорий қилди. Европа Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британия Россияга қарши жиддий иқтисодий чекловлар киритди, мамлакатнинг юзлаб бадавлат шахслари ва ҳукумат амалдорларини санкциялар рўйхатига қўшди ҳамда Москвани халқаро молия тизимидан сезиларли даражада узиб қўйди. Шунингдек, Россияга илғор технологиялар экспорти тўхтатилди ва Россия авиакомпанияларининг Ғарбга парвозлари тақиқланди.

Коллектив Ғарб евроҳудуддан Россияга қўшни давлатларга экспорт кескин ўсаётганини қайд этган. Уларнинг шубҳаланишича, бу Россияга нисбатан жорий қилинган санкцияларни айланиб ўтишга уриниш бўлиши мумкин. Россия компанияларига ёрдам бераётган учинчи давлатлар ташкилот ва шахсларига нисбатан иккиламчи санкциялар таҳдиди кундан кунга ортмоқда. Ўзбекистон ҳам Россия учун санкциялардан қочиш йўлакларидан бирими?

Иқтисодий санкциялар ва уларнинг моҳияти

Иқтисодий санкциялар бу – хавфсизлик ёки ташқи сиёсат масалалари билан боғлиқ маълум мақсадларга эришиш учун савдо ва молиявий операцияларни чеклаш ёки тўлиқ тўхтатиш. Санкциялар ҳам алоҳида давлатлар, ҳам халқаро ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга, ташкилотларга ёки давлатларга нисбатан қўлланиши мумкин. Санкция жорий қилган ва санкцияга учраган мамлакатлар ўртасида иқтисодий боғлиқлик қанчалик юқори бўлса, чекловлар ҳам шунчалик самарадор ҳисобланади.

АҚШ иқтисодий санкциялардан энг кўп ва фаол фойдаланадиган мамлакат бўлиб, буни асосан долларнинг жаҳон иқтисодиётидаги ҳукмрон роли билан изоҳлаш мумкин. Халқаро ҳисоб-китобларда долларнинг юқори улуши санкциялар режимларининг бузилишини аниқлашда муҳим аҳамият касб этади ва Қўшма Штатлар жорий қилган чекловларни четлаб ўтиш эҳтимолини минималлаштиради.

Европа Иттифоқи хавотирлари

Евроиттифоқнинг санкциялар ижроси бўйича халқаро махсус вакили Дэвид О’Салливаннинг сўзларига кўра, Россияга экспорт ҳажмини ошираётган айрим давлатларга Европа Иттифоқидан ҳам экспортнинг «шубҳали» ўсиши қайд этилган. 

О’Салливаннинг таъкидлашича, бу нимадир нотўғри кетаётганини кўрсатиши мумкин. Мисол тариқасида у Сербия, Туркия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларини келтириб ўтган.