Жаҳон банки “Олдинга йўл: Европа ва Марказий Осиё минтақасида муваффақиятли миграцияни қўллаб-қувватлаш” номли ҳисоботини тақдим этди.

Унда Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги миграция тенденциялари ва уларнинг давлат сиёсатига таъсири таҳлил қилинган.

“Ўзбекистонлик муҳожирлар оқими кўпроқ диверсификацияланган”

Дунё бўйлаб жами мигрантларнинг учдан бир қисми – 100 миллион нафари Европа ва Марказий Осиёда яшайди. Миграция минтақа тараққиётидаги муҳим масала бўлиб қолмоқда. Даромадлар ўртасидаги тафовут, демографик номутаносиблик, иқлим ўзгариши ва қуролли можаролар бутун дунё бўйлаб миграция оқимининг ўсишига ҳисса қўшишда давом этмоқда.

2020 йилда Қозоғистондан чиқиб кетган 4 миллион муҳожирнинг деярли учдан икки қисми Россияга, чорак қисми эса Германияга ишлашга борган.

Қирғизистон ва Тожикистондан бўлган муҳожирларнинг Россия иқтисодиётига боғлиқлиги бундан ҳам юқори. 2023 йил ҳолатига кўра, тожикистонлик ва қирғизистонлик меҳнат муҳожирларининг 80 фоиздан ортиғи Россияга йўл олган.

Ўзбекистонлик муҳожирлар оқими кўпроқ диверсификацияланган: 57 фоизи Россияда, 15 фоизи Қозоғистонда ва 10 фоизи Украинада ишлайди.

“Пул ўтказмалари бўлмаганда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 9,6 фоиздан 16,8 фоизга ошиши мумкин эди”

Ҳисобот тақдимоти 5 март куни Тошкентда бўлиб ўтди. / Фото: Жаҳон банки

Марказий Осиё мамлакатларида меҳнат миграцияси миллионлаб фуқаролар учун асосий даромад манбаларидан бири бўлиб қолмоқда.

2024 йил ҳолатига кўра, меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг 45 фоизини ташкил этди – бу нисбий маънода дунёдаги энг юқори кўрсаткичдир. Қирғизистонда пул ўтказмаларининг ЯИМдаги улуши 24 фоиз, Ўзбекистонда эса 14 фоизни ташкил этди.

Бу мамлакатлардан келган муҳожирлар чет элда ишлаш орқали ўз даромадларини икки ёки уч баравар оширишлари мумкин, бу эса уларнинг оилалари турмуш даражасини сезиларли яхшилайди. Хусусан, Қирғизистонда пул ўтказмалари оладиган уй хўжаликлари орасида камбағаллик даражаси 10 фоиздан кам, уларсиз эса 50 фоиздан ошган бўларди.