Европа Иттифоқи «чет эл агентлари» тўғрисидаги ўз қонунини ишлаб чиқмоқда
Қонун нодавлат ташкилотларни Европа Иттифоқидан ташқаридан олинган ҳар қандай молиялаштириш ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишга мажбур қилади. Янги қоидалар АҚШ ва Австралияда амалда бўлганларга ўхшаш бўлади.
Европа Иттифоқи нодавлат нотижорат ташкилотлари, консалтинг ва илмий муассасаларни Европа Иттифоқидан ташқаридан оладиган ҳар қандай молиялаштириш ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишга мажбурлайдиган ўз қонунини ишлаб чиқмоқда, деб хабар берди Politico 14 март, сешанба куни манбаларга таяниб.
Қонун лойиҳаси ҳозирча маъқуллашнинг дастлабки босқичида. Бу АҚШ ва Австралияда амалда бўлган қонунларга ўхшаш бўлиши кутилмоқда. АҚШда 1938 йилдан бери хорижий ҳукуматлар учун ишлайдиган лоббичилар рўйхатдан ўтишлари шарт. Politico суҳбатдошларига кўра, Европа Иттифоқида ишлаб чиқилаётган қонун оддий фуқароларга таъсир қилиши даргумон, бироқ барча тижорат ва нотижорат ташкилотлар хориждан олинган ҳар қандай маблағлар, жумладан, илмий фаолият учун грантлар тўғрисида ҳисобот беришга мажбур бўлади.
Politico таъкидлашича, Европада «чет эл агенти» қонунига бўлган эҳтиёж Европа Иттифоқининг чет эл таъсирига қарши кураши билан боғлиқ бўлиши мумкин: Россиянинг ҳакерлик ҳужумлари ва сайловларга таъсир ўтказишга уринишларидан тортиб, инсон ҳуқуқлари риторикасига таъсир қилиш учун Европа университетларига ажратиладиган Хитой грантларигача.
Мисол тариқасида, «Қатаргейт» - Европа парламенти депутатлари билан боғлиқ коррупция можароси ҳам келтирилади. Politico маълумотларига кўра, «Қатаргейт»дан кейин Европа Комиссияси раисининг адлия бўйича ўринбосари Вера Юрова бошчилигида қонун лойиҳаси устида иш бошланди, тегишли жараёнга эса сентябрь ойида демократияни ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар тўпламини эълон қилган ЕК раҳбари Урсула фон дер Ляйен томонидан старт берилган.
Шу билан бирга, танқидчилар Гуржистонда парламент орқали шунга ўхшаш қонунни қабул қилишга уринишларга қарши кескин норозилик намойишлари фонида Европа Иттифоқида «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳасининг ҳозирда ишлаб чиқилишини ўринсиз деб атади. Гуржистонда кўпчилик томонидан Россия чегараси бўйича назоратни кучайтиришга уриниш сифатида кўрилган ҳужжат охир-оқибат АҚШ, Европа Иттифоқининг кескин танқидлари ва Гуржистоннинг ўзида рўй берган тартибсизликлар фонида қайтариб олинди.
Politico маълумотларига кўра, Европа Иттифоқидаги бир қатор нодавлат ташкилотларга аллақачон сўровномалар юборилган бўлиб, респондентлардан ЕИдан ташқаридаги молиялаштириш манбалари ҳақида батафсил маълумот бериш сўралган. Бундай анкета, жумладан, Transparency International халқаро коррупцияга қарши ташкилоти томонидан ҳам олинган.
Мавзуга оид
11:59 / 08.11.2024
РФда «чет эл агентлари» ва мамлакатни тарк этганлар даромаддан маҳрум қилинади
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
22:39 / 04.11.2024
Хитой Европа Иттифоқи билан электромобиллар бўйича «савдо урушига» киришди
17:30 / 04.11.2024