Спорт | 21:58 / 15.03.2023
49644
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон U20 жамоаси Осиё кубоги финалига чиқди

Ўзбекистон жамоаси Жанубий Кореяни пенальтилар сериясида мағлуб этиб, финалга йўл олди. Ҳал қилувчи баҳсда Ироққа қарши ўйин кутмоқда.

Фото: Tribuna.uz

15 март куни U-20 Осиё кубогида иккинчи ярим финал учрашувида мезбон Ўзбекистон Жанубий Кореяга қарши майдонга чиқди. Ўйиннинг асосий вақтида ғолиб аниқланмади, қўшимча бўлимларда ҳам дарвозалар дахлсиз қолди.

Шундан сўнг барча масала пенальтилар сериясида ҳал қилинди. Унда Ўзбекистон жамоаси дарвозабони Отабек Боймуродов ўзини кўрсатди ва рақибнинг уч зарбасини қайтариб, жамоасининг 3:1 (ўзбекистонликлар тўртинчи пеналтини тепишига ҳожат қолмади) ҳисобдаги ғалабасини таъминлади.

Энди 18 март куни бўлиб ўтадиган финал учрашувида Ўзбекистон Ироқ вакилларига қарши ўйнайди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Ироқ жамоалари гуруҳ босқичида ҳам ўзаро тўқнаш келган, унда Ўзбекистон 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.

Гуруҳ босқичидан иккинчи ўрин билан чиққан ироқликлар чоракфиналда Эронни ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда урилган гол эвазига мағлуб этган (1:0), яримфиналда эса Япониядан пенальтилар сериясида устун келганди - 2:2 (5:3).

Ўзбекистон эса гуруҳ босқичида 7 очко билан биринчи ўринни эгаллаган, чоракфиналда Австралияни пеналтилар сериясида мағлуб этиб, яримфинал ва 2023 йилги жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳал қилганди.

U-20 Осиё Кубоги—2023
Ярим финал, 15 март, чоршанба

Ўзбекистон U-20 — Жанубий Корея U-20 0:0
Пенальтилар серияси — 3:1

Ўзбекистон U-20: 21.Отабек Боймуродов, 3.Абдуқодир Ҳусанов, 6.Жаҳонгир Ўрозов, 7.Пўлатхўжа Холдорхонов (23.Асад Жўрабоев, 21; 22.Шерзод Эсанов, 67), 8.Беҳруз Асқаров (11.Шаҳриёр Жабборов, 84), 10.Умарали Раҳмоналиев, 13.Зафармурод Абдураҳматов, 14.Аббос Файзуллаев, 15.Диёр Ортиқбоев, 17.Нодир Абдураззоқов (19.Шаҳзод Акромов, 67), 20.Маҳмуд Маҳамажонов.
Жанубий Корея U-20: 1.Ким Чон Ҳун, 3.Ҳван Ин Таэк, 4.Чой Сёк Ҳюн, 5.Парк Ҳюн Бин (22.Мун Сён Мин, 91), 7.Ким Ён Ҳак (17.Ли Чун Сан, 106), 9.Ли Ён Чун (18.Сун Жин Ён, 60), 10.Баэ Чун Ҳо (2.Парк Чан Ву, 53), 12.Чо Ён Кван (13.Ли Чун Же, 91), 14.Кан Сан Ён, 19.Ким Ҳи Сун (11.Кан Сён Жин, 46), 20.Ким Жи Су.
Огоҳлантиришлар: Кан Сан Ён (28), Жўрабоев (35).

Мавзуга оид