10:19 / 17.03.2023
6229

Париждаги намойишларда 200 дан ортиқ киши қўлга олинди

Ходимлар билан тўқнаш келган намойишчиларни орқага қайтариш учун полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланган. Намойишлар Франциянинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.

Фото: Getty Images

Парижда 6000 га яқин одам ҳукумат ташаббуси билан бошланган пенсия ислоҳотига қарши норозилик намойишига чиқди. Шаҳар марказида полиция билан тўқнашувлар содир бўлди, натижада 16 март, пайшанба куни камида 217 киши қўлга олинди, дея хабар бермоқда dpa Франция полициясига таяниб.

Намойишчиларни орқага қайтариш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлар ҳам қўлланган, одамлар полицияга қарата турли буюмлар ва ёғоч бўлакларини отишган. Намойишлар мамлакатнинг бошқа бир қанча шаҳарларида, жумладан Марсел, Дижон, Нант, Ренн, Руан, Гренобл, Тулуза ва Ниццада ҳам бўлиб ўтди. AFP хабарига кўра, Марселда намойишчилар бир нечта дўконларни бузиб ташлаган, Нант, Ренн ва Лионда ҳам намойишчилар ва ҳуқуқ-тартибот кучлари ўртасида тўқнашувлар бўлган. 

Аввалроқ Францияда пенсия ислоҳоти парламентни четлаб ўтиб қабул қилингани маълум бўлди – янги қонунни Миллий Ассамблеяда овоз беришсиз қабул қилиш учун Франция ҳукумати конституциянинг махсус моддасидан фойдаланган. Қонун лойиҳаси Франция президенти Эммануэл Макроннинг сайловолди кампаниясидаги асосий ваъдаларидан бирини – пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшгача кўтаришни амалга ошириши керак. Бу 2030 йилгача босқичма-босқич амалга оширилади. 

Мамлакат бўйлаб оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтгани ҳисобга олинса, Франция Сенати томонидан қўллаб-қувватланган қонун лойиҳаси Миллий Ассамблея депутатлари томонидан рад этилиши эҳтимоли юқори эди. 

Бошқа нарсалар қаторида, пенсия ислоҳоти пенсия тўловларини тўлиқ олиш учун бадаллар тўланиши керак бўлган энг кам даврни 43 йилга оширишни назарда тутади. Франциядаги кўплаб кекса одамлар ҳозирда 62 ёшдан ошган бўлса-да, керакли миқдордаги маблағни тўлдириш учун ишламоқда. Бироқ, 67 ёшга тўлган фуқаролар, ушбу ажратмалар қайси даврда амалга оширилганлигидан қатъи назар, тўлиқ миқдорда пенсия олиш ҳуқуқига эга. Бу позиция сақланиб қолиши керак. Шу билан бирга, Макрон ҳукумати энг кам пенсия миқдорини ойига 1200 еврогача ошириш ниятида. 

Касаба уюшмалари пенсия ислоҳотини адолатсиз ва асоссиз даражада қаттиқ деб ҳисоблаяпти ҳамда ушбу мавзу бўйича референдум ўтказишга чақиряпти. Сўровларга кўра, французларнинг учдан икки қисми ҳукумат таклиф қилаётган ўзгаришларга қарши. 

Top