Ўзбекистонда илк бор биполяр эндопротезлаш амалиёти йўлга қўйилди
Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази кўп тармоқли клиникаси нейротравматология бўлимида илк бор чаноқ-сон ва тизза бўғимлари артрози касаллигида плазмолифтинг муолажаси ва умуртқа суяклари синишида перкутан вертебропластика амалиёти ўзлаштирилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Клиника бош шифокори Санжар Маткаримовнинг маълум қилишича, марказда ўтказилаётган қарийб 250 турдаги операцияларнинг 65 турдагиси шу сингари мураккаб ва ноёб жарроҳлик амалиётлари ҳисобланади. Жумладан, бўйин умуртқаларини транспедикуляр фиксация билан стабилизациялаш амалиёти жорий этилган.
Шунингдек, Ўзбекистонда илк бор биполяр эндопротезлаш муолажа усули йўлга қўйилди. Бундан ташқари, лапароскопик усул орқали хирургия бўлимида диафрагма чуррасини бартараф қилиш, колопроктология бўлимида эса сигмасимон ичак резекцияси операциялари бажарилди. PRP-терапия, яъни бемор плазмасини ажратиб олиб, бўғимга юбориш йўли билан ушбу тана қисмидаги патологияни бартараф этишга қаратилган амалиётлар ҳаётга татбиқ қилинди.
«Ҳозир Франция, Жанубий Корея, Япония, БАА, Ҳиндистон, Озарбойжон, Литва каби мамлакатларнинг тиббиёт муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганмиз. Уларнинг малакали шифокорлари билан биргаликда мураккаб операциялар ўтказяпмиз. Ўз навбатида, бир гуруҳ ходимларимиз Франция, БАА, Ҳиндистон ва Озарбойжондаги етакчи клиникаларда малака ошириб қайтди. Жорий йилда улар сафини янада кенгайтириш чоралари кўрилмоқда», — дейди шифокор.