Жаҳон | 20:02 / 22.03.2023
6721
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда «Аманат» партияси парламент сайловида ғалаба қозонди 

Ҳукмрон «Аманат» партияси қуйи палатадаги кўпчиликни сақлаб қолишга эришди. 

Фото: AFP

Қозоғистонда ҳукмрон «Аманат» партияси парламент сайловида 53,9 фоиз овоз тўплади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси (МСК) раиси Нурлан Абдиров матбуот анжуманида маълум қилди. 

20 март куни Марказий сайлов комиссияси парламент сайловининг дастлабки натижаларини эълон қилди. Натижаларга кўра, олтита партия Мажлисга кирди. 

Овозлар қуйидагича тақсимланди:

«Аманат» партияси – 53,9%;

«Овул» Халқ демократик ватанпарварлик партияси – 10,9%;

«Республика» партияси – 8,59%;

«Ақ Жўл» демократик партияси – 8,41%;

Қозоғистон Халқ партияси – 6,8%;

Миллий социал-демократик партия – 5,20%;

«Байтак» яшил партияси - 2,13%.

Бир мандатли сайлов округлари бўйича ҳам дастлабки натижалар эълон қилинди. МСК маълумотларига кўра, 23 та сайлов округида ҳукмрон «Аманат» партияси, яна олтита сайлов округида ўз-ўзини кўрсатган номзодлар ғалаба қозонган. 

«Аманат» учун қарийб 54% овоз - партиянинг олдинги барча сайловлардаги, шу жумладан 2021 йилда ўтказилган охирги сайловлардаги натижаларидан сезиларли даражада паст (2007 йилдан бери энг ёмон натижа - 71%). 

Бироқ бу натижа ҳам ҳукмрон партияга қуйи палатадаги кўпчиликни сақлаб қолиш имконини беради. Энг яқин «рақобатчи» «Овул» партияси ҳам худди шу сўровномаларга кўра, тахминан 10 фоиз овоз тўпламоқда. 

Сайлов натижаларига кўра, «Аманат» парламентда камида 60 ўрин, «Овул» партияси – 7-8 ўрин, «Республика» ва «Ақ Жўл» партияси – 6-7 ўрин, Қозоғистон Халқ партияси – 5-6 ўрин, МСДП - 4-5 ўринга эга бўлади. Яна олти нафар депутат парламентга кириш вақтида партиялар вакили бўлмайди, бироқ фракциялардан бирига кириши мумкин. 

19 март куни парламент ва маслиҳатларга сайловлар бўлиб ўтди. Бу санани мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2023 йил 19 январда собиқ парламент тарқатиб юборилганидан кейин белгилаган эди. МСК маълумотларига кўра, овоз беришда 6 миллион 366 минг 441 нафар фуқаро иштирок этди – бу мамлакат аҳолисининг 54 фоизи. 

Мавзуга оид