Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги 30 март — Халқаро чиқиндисиз кун (International Day of Zero Waste) муносабати билан Ўзбекистон Экологик партияси ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида кенг жамоатчилик билан биргаликда югуриш орқали чиқиндиларни саралаб йиғиш – «plogging» тадбирларини ўтказди.

Тошкент шаҳрида ташкил этилган тадбирнинг тантанали очилиш маросимида табиат ресурслари вазирининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов сўзга чиқиб, мамлакатда илк бор табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу тадбир ҳудудлар озодалигини таъминлашга, жамоатчиликда бу борада дахлдорлик ҳиссини уйғотишга хизмат қилишини таъкидлади.

«Чиқиндилар сектори иқлим ўзгариши, биологик хилма-хиллик нобуд бўлиши ҳамда атроф муҳит ифлосланишига сабаб бўлмоқда. Статистик маълумотларга кўра, мамлакат бўйича бир кунда 19-20 минг тонна чиқинди ҳосил бўлмоқда. Чиқиндилар турли металлар, шиша идишлар, макулатура, пластик, озиқ-овқат маҳсулотлари қолдиқларидан иборат бўлиб, уларнинг фақат 32 фоизи қайта ишланмоқда», дейди Обиджон Қудратов Республика «Zero Waste» акциясига старт берар экан.

Тадбирда вазирлик марказий аппарати, вазирлик ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги ва Гидрометеорлогия агентликлари, Тошкент шаҳар бошқармаси, тизим ташкилотлари, Ўзбекистон Экологик партияси ходимлари, шунингдек, Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси директори Борис Эрг, Глобал яшил ўсиш институти (GGGI)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Аарон Рассел, Франция тараққиёт агентлигининг Марказий Осиё бўйича раҳбари Венсан Копан, «Coca-Cola» компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Серкан Дилек иштирок этди.

Тошкент шаҳридаги «Zero Waste» акцияси доирасида Мирзо Улуғбек тумани Истиқлол ва Махтумқули кўчалари чорраҳасида жойлашган истироҳат боғида акция иштирокчилари ҳудуддаги пластик бутилкалар, алюмин банкалар, макулатура ва ўрамлардан фаол тозаланди.