Ўзбекистон | 19:45 / 12.12.2023
3043
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида тест режимида дарахтларни паспортлаштириш ўтказилади 

Биринчи босқичда аэрокосмик тасвирлар ва дастурий воситалардан фойдаланган ҳолда мавжуд дарахтлар тўлиқ хатловдан ўтказилади. 

Фото: Экология вазирлиги

Тошкент шаҳрида тест режимида дарахтларни паспортлаштириш жараёни ўтказилади. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди. 

Қайд қилинишича, жараён 3 босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда аэрокосмик тасвирлар ва дастурий воситалардан фойдаланган ҳолда мавжуд дарахтлар тўлиқ хатловдан ўтказилади (якка тартибдаги уй-жойлар ҳудудидаги дарахтлар бундан мустасно). Кейин вазирликнинг Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилган тизим ёрдамида ҳар бир дарахтнинг координатаси аниқланади. Иккинчи босқичда хатлов натижасига кўра аниқланган дарахтларнинг ёши, тури, бўйи, ҳолати ва жойлашув координатасини акс эттирувчи маълумотлар базаси шакллантирилади. Учинчи босқичда эса маълумотлар базаси асосида «Яшил макон» электрон платформасида ҳар бир дарахтга паспорт шакллантирилади ва ID рақам берилади. 

Дарахтларни паспортлаштириш жараёни уларнинг геоахборот базасини яратиш, тўлиқ ҳисобини юритиш, дарахтларни масъул идораларга топшириш, дарахтларни сақлаш ва парвариш қилишни таъминлаш, сони ва жойлашишига қараб янги дарахтларни экиш, шунингдек, эскиларини ҳолати ва турига қараб алмаштиришни режалаштиришда қарор қабул қилиш, шаҳар ободонлаштириш ишларини режалаштириш ва ер ажратишда дарахтлар ҳақида аҳолини батафсил хабардор қилиш имконини бериши таъкидланмоқда. 

Шу билан бирга, паспортлаштириш дарахтларни ноқонуний кесиш устидан назоратни кучайтириш, ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдорини дарахтнинг тури ва диаметридан келиб чиқиб ҳисоблашга замин яратади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид