Ўзбекистон | 15:39 / 02.04.2023
11620
2 дақиқада ўқилади

Сўровнома: болалар китоб ўқимай қўйдими?

1967 йилдан бери дунё мамлакатлари 2 апрел санасини Халқаро болалар китоблари куни сифатида нишонлаб келади. Бу кунда болаларни китоб ўқишга қизиқтириш, уларда бу машғулотга меҳр ва иштиёқни уйғотиш учун турли тадбирлар, фестиваллар ўтказилади, одамлар минбарларга чақириқлар билан чиқади. Хўш, бу борада юртдошларимиз фарзандларига қанчалик эътибор беришмоқда? Болалар китоб ўқишяптими?

Kun.uz мухбири сана муносабати билан Тошкент кўчаларида ота-оналар ва ўқувчилар орасида сўровнома ўтказди. Дастлаб болалар билан суҳбатлашиб, уларнинг охирги марта кимнинг қайси китобини мутолаа қилгани билан қизиқдик.

Сўровномада қатнашган аксарият мактаб ёшидаги болалар бадиий китоб эмас, эртаклар ўқишини айтди.

«Мен унча китоб ўқимайман. Китоб ўқигим келмайди-да»,– дейди бир мактаб ўқувчиси.

Болалар орасида китобхонларини ҳам учратдик. Мисол учун бир болакай Жунайд Суавининг «Оиласига нур киритган фарзанд» номли китобни мутолаа қилаётганини айтса, бошқа бир бола Худойберди Тўхтабоевнинг «Сеҳрли қалпоқча»сини ўқиганини таъкидлади.

Ота-оналар эса сўровнома давомида фарзандлари китоб ўқиши ёки ўқимаслиги, бу жараёнда улар қанчалик иштирок этаётгани, қолаверса, сўнгги кунларда болалар ўқимай қўйгани ҳақидаги хавотирлари ҳақида гапирди.

«Болаларим математика, арифметика каби фанлар билан шуғулланади. Ҳозир шуларга оид китоб қидириб юрибман. Бадиий китоб ўқишмайди. Китобларни ўзлари ўқишади, мен қатнашмайман. Дарсдан ташқари бўладиган машғулотлари учун китоб олиб бераман, лекин бадиий китоб олиб берганимча йўқ, чунки қизиқишмайди.

Ҳақиқатан ҳам болалар китоб ўқимай қўйди. Бизнинг вақтда китоб ўқишарди, биз ҳам мутолаа қилардик. Менимча, болаларнинг китоб ўқимаслигига смартфонлар сабаб бўлмоқда», – дейди сўровномада иштирок этган оналардан бири.

Сўровнома вақтида турли фикрлар янгради. Фикрлар турфа бўлиши табиий ҳол. Аммо шуниси аниқки, болаларнинг китоб ўқишига эътибор бериш, уларни шу машғулотга қизиқтириш, рағбат бериш муҳим. Зеро, китоб фарзанд камолотида катта роль ўйнайди.

Мавзуга оид