“Болалар пиёда 5-10 дақиқада етиб бора оладиган масофада, ҳар қадамда улар учун мос шинам кутубхоналар бўлиши керак. Бола бу кутубхонада нафақат ўқиши, ўйнаши, ҳатто ухлаши мумкин бўлсин. Қиммат китобни сотиб ололмайдиган бола шу ерда истаган барча китобини олиб ўқий олиши керак”, дейди болалар ёзувчиси Динара Мўминова.

Мактабгача ёшдаги болаларни китобга қизиқтириш бўйича мутахассис, болалар ёзувчиси Динара Мўминова Kun.uz билан суҳбатда болалар адабиёти қандай бўлиши кераклиги, болаларга қандай китоблар таклиф қилиш лозимлиги, уларни экранга эмас, китобларга қизиқтириш усуллари ҳақида гапириб берганди.

Динара Мўминова кичик ёшдаги болаларни китобхон қилишда ўзи айни пайтда яшаб турган Жанубий Корея давлати тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон ҳукумати қандай иштирок этиши кераклиги ҳақида ҳам таклифлар бериб ўтди.

Болалар китоби қиммат туради”

Болалар китоблари бутун дунёда киммат туради. Жанубий Кореяда ҳам ўртача нархдаги болалар китоби – 10 доллар. Бу Корея шароитида ҳам арзон нарх эмас. Шунинг учун Корея ҳукумати болалар китобхонлигини ошириш учун алоҳида дастур ишлаб чиққан.

“Болалар учун телефоннинг хавфи машина уриб кетишидан кам эмас” – болалар ёзувчиси билан суҳбат

1996 йилда Кореяда болалар адабиётини кескин ривожлантириш ҳаракатлари бошланади. Бунда ҳар бир уйдан 5-10 дақиқада яёв бориш мумкин бўлган масофада болалар кутубхоналари очилади. Албатта, улар кичик ва шинам бўлади. Агар бола ўзига ёққан Кореяда нашр этилган исталган бирор китобни топа олмаса, буюртма бериши мумкин. Ва буюртма асосида болага шу китоб текинга етказиб берилади. Ҳар бир бола шундай тарзда кутубхонага бориши ва у ерда китоб ўқиши, ўйнаши мумкин.

Бундан ташқари, туман ва шаҳар миқёсидаги катта кутубхоналар ҳам бор.

Бола бу кутубхоналарда ўқишдан ташқари шунчаки ухлаши ҳам мумкин. Кутубхона мана шундай йўл-йўлакай, болалар пиёда бора оладиган масофада бўлиши керак. Шунинг учун бўлса керак, Кореяда болалар китобхон. Улар қиммат китобни сотиб ололмаган тақдирда ҳам кутубхонага бориб исталганча фойдаланиши мумкин.