Жаҳон | 15:39 / 06.04.2023
10798
1 дақиқада ўқилади

Британия разведкаси: «Восток» қўмондони Рустам Муродов ишдан олинган бўлиши мумкин

Россиянинг «Восток» бирлашган гуруҳининг Украинадаги қўмондони, генерал-полковник Рустам Муродов ўз лавозимидан четлатилган бўлиши мумкин, деб ёзади Британия Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқлардаги маълумотга таяниб.

Рустам Муродов / Фото: sputnik

Британия разведкасига кўра, сўнгги ойларда Муродов гуруҳи ўта оғир йўқотишларга учраган ва Донецк вилоятидаги Вуҳледарни бир неча марта нотўғри режалаштирилган ҳужумлар чоғида қўлга кирита олмаган. 

Операциялар россиялик экспертларнинг кенг доираси, шунингдек, Муродов гуруҳи аъзолари томонидан кескин танқидга учради, дейилади хабарда. 

Муродов 2022 йил февраль ойида кенг кўламли босқин пайтида Киевга шимоли-ғарбдан бостириб киришга муваффақиятсиз уринишдан сўнг «Восток» бирлашган гуруҳи қўмондонлигини ўз қўлига олди. 

Айни дамда у 2023 йилда ишдан бўшатилган энг юқори мартабали россиялик ҳарбий ҳисобланади, бироқ Буюк Британия Мудофаа вазирлигига кўра, Россия «Донбассда ўз мақсадларига эриша олмаётгани» сабабли истеъфолар кўпроқ бўлиши мумкин.