Жаҳон | 14:13 / 07.04.2023
45372
8 дақиқада ўқилади

368 фашистни ер тишлатган снайпер: немислар нега тайгалик овчини тута олишмаган?

“Мен ёшлигимдан турли ҳайвонларни овлаб келганман. Фашистлар эса ҳайвонлардан ҳам баттардир, фақат улар одам қиёфасида. Уларни отиб ташлашда ўйланиб ўтириш керак эмас”, – деганди тунгускалик овчи, Иккинчи жаҳон уруши снайпери Семён Данилович Номоконов. Унинг шахсий натижалари ҳайратланарли – 368 немис аскари мерганнинг ўқидан ер тишлаган. У шу қадар машҳур бўлганки, немисларнинг ўзи Номоконовга “Тайгалик шомон” лақабини беришган ва йўқ қилиш учун жуда катта кучлар ташлашган. Аммо снайпер барибир қўлга тушмаган.

Бугунги кунда Иккинчи жаҳон уруши айрим давлатларда фақат бир миллат вакилларнинг ғалабаси билан якунланганига оид фикрлар ўртага чиқмоқда. Турли давлат, турли миллат ва элатлар ҳамжиҳатликда фашизмни жиловлаганларини унутиб бўлмайди. Шулардан бири, тайгалик оддий овчи Семён Номоконов Германиянинг энг етакчи снайперлари гуруҳ бўлиб ёки яккама-якка баҳсларда жангга киришиб, бирор марта мағлубиятга учрамаган. Якуний натижа – оддий аскарлардан генералгача бўлган 368 фриц снайпер ўқи билан йўқ қилинган.

Овчининг ёшлиги

Семён Данилович Номоконов 1900 йилнинг 12 августида Байкалорти ўлкасининг Делюн қишлоғида дунёга келган. Эвенк-хамниган элатига мансуб болакай чўқинтирилганидан кейин Семён деб ном олади. У мансуб бўлган элат – хамниган “Ўрмон одами” деган маънони берарди. Болалигидан отаси ва акалари билан овга чиқишга ишқибоз бўлган Семён 7 ёшида қўлига милтиқ олади ва 10 ёшидаёқ моҳир овчи дея баҳоланади ҳамда унга “Ўткир кўз” лақаби берилади.

19 ёшида уйланган Семён Номоконовнинг оиласида бирин-кетин 5 ўғил ва 1 қиз дунёга келади. Аммо уни жиддий синовлар кутарди. Узоқ давом этган овдан қайтган овчини қишлоқда даҳшатли хабар қарши олади – унинг хотини, тўрт ўғли ва қизи ўткир иситма билан кечувчи скарлатина касаллигидан нобуд бўлишади. Фақат биргина кичик ўғли Володя қариндошлари қўлида омон қолади.

Тушкун йилларида ўзига келиш учун 28 ёшида колхозга дурадгор бўлиб ишга кирган Семён 32 ёшида ўғли билан бирга савод чиқаришни бошлайди. Янги оила қуриш, ҳаётни изга тушириш ҳақида ўйлаётган овчининг тинчини Иккинчи жаҳон уруши бузади.

Снайперликкача бўлган йўл

Урушнинг илк кунларида, 1941 йилнинг 29 июлида Номоконов фронтга жўнайди. Дастлабки даврда Гитлер Германиясининг юришлари жуда зафарли кечади, шаҳар ва қишлоқлар вайрон қилинади, одамлар аёвсиз қирилади. Буларни ўз кўзи билан кўрган овчида фашистларга нисбатан бутун умрлик нафрат пайдо бўлади.

Оддий аскар Номоконов кўп ўтмай бомбардимон пайтида жиддий жароҳатланади ва госпиталга тушади. Даволанишдан сўнг у шифохонада санитар сифатида олиб қолинади. 1941 йилнинг кузида жанг майдонидан ярадор аскарни олиб чиқаётган Семён уларни нишонга олаётган душманни кўриб қолади. Бир лаҳзанинг ичида у милтиқни қўлига олади ва узоқ масофадаги фрицнинг пешонасидан дарча очиб қўяди. Шундан кейин у хотиржамлик билан ярадорни госпиталга олиб боради. Шу куниёқ овчининг кучли мерганлиги ҳақидаги гаплар болалайди ва офицерлар Семённинг қобилиятини синаб кўришади. Натижа қойил қоларли эди – Номоконов оддий милтиқ ва снайперлик тажрибасисиз анча-мунча усталарни ортда қолдиради.

Мерганликнинг шонли йўли

Нишонга аниқ олиши билан бирга Семён сафдошларини яна ҳайратда қолдиради. Шунча ундашларига қарамай у оптик нишонли замонавий милтиқни эмас, оддийгина “Мосин” милтиғини танлайди. Лекин шу оддий милтиқ билан ҳам фрицларни бирма-бир тинчита бошлайди.

Фақат 1942 йилга келибгина Семён оптик нишонли милтиқдан фойдаланишга киришади. Унинг услублари кўпчиликни қизиқтирарди. Номоконов доим ўзи билан турли арқонлар, ойна бўлаклари кўтариб юрарди. Оёқларига эса от думида тайёрланган махсус мослама кияр, бу унинг из қолдирмаслик билан бирга сассиз ҳаракатланишига ёрдам берарди. Эски овчи бу ҳаракатлари ва тутқич бермаслиги ортидан “Тайга шомони” лақабини олди.

Семён Номоконов Карелия, Украина, Литва ва Шарқий Пруссиядаги жангларда қатнашди. Жами 5 фронт, 2 дивизия ва 6 полкда хизмат қилди. У уруш даврида душманнинг турли рутбадаги 367 аскар ва офицерлари ва 1 генерал-майорини йўқ қилган.

Унинг йўқ қилинган фрицларни қайд этиш услуби ҳам ўзига хос эди. Одатда мерганлар ўз милтиқларига белгилар қўйиш орқали натижаларини қайд этиб борадилар. Семён эса милтиққа эмас, ўзи чекиб юрадиган трубкага белгилар қўярди. Бу одатини у шундай изоҳлаган: “Милтиқ давлатники, уни истаган пайтда қайтариб олишлари мумкин. Трубка эса доим ўзим билан қолади”. Нуқталар оддий аскарларни, хоч белгилари зобитларни акс этган бу трубкани Номоконов ҳеч қачон қўлидан қўймаган.

Немислар Номоконовга қарши энг сара снайперларини йўллашади ва жуда кўп яккама-якка баҳслар бўлиб ўтади. Рақиблар суткалаб бир-бирлари яширинган жойни излашар ва ягона имкониятдаёқ ер тишлатиш пайида бўлишарди. Аммо ўрмонни ҳаммадан яхшироқ ҳис қиладиган Номоконовни на сохта каскалар, на ойналар, на бир нечта нуқтага снайперлар жойлаш билан алдаб бўларди. У қанча керак бўлса шунча кутар, ҳаммасини тўлиқ баҳолаб бўлгандан кейин ягона ўқ билан ишини бажарар ва хотиржам кейинги позицияни эгалларди.

Снайпер эркакларнинг муваффақиятсизликларидан кейин унга қарши снайпер аёллар йўлланади. Номоконов уларни ҳам тинчитади. Фақат душман ўлганидан кейин келиб унинг аёл киши эканлигини билади ва ҳайрон қолади.

Биттагина снайпер минглаб аскарларни даҳшатга солаётганини яхши англаган немис генераллари энди у жойлашган манзил атрофида айланиб, баланд овозда Германия томонига ўтишни сўрашади, истаганча пул, тилла, уй-жой, гўзал аёллар ваъда қилишади. Аммо узоқдан барини кузатаётган Номоконов мийиғида кулиб қўяди ва жуда жонига тегишганда битта ўқ билан уларнинг овозини ўчиради.

Жанглардан бирида немислар ҳаракатларини кузатаётган Номоконов улар нимагадир тайёрланаётгани, кимнидир кутаётганини англайди. Унинг сезгиси алдамаганди. Тез орада ярқироқ автомобилда генерал рутбасидаги шахс кўринади. Номоконов ягона имкониятда унинг бошига ўқ узади.

Бу генералнинг шахсига аниқлик киритиб бўлмайди. Фақат разведка шахсан Гитлернинг топшириғи билан ҳудуддаги вазиятни ўрганиш учун жўнатилгани тўғрисида маълумот етказади. Семён Номоконов армия орасида шон-шуҳратга кўмилади.

Номоконов фақат ўзи мерганлик қилиш билан чекланиб қолмайди. 150 аскарга снайперлик илмини ўргатади ва унинг шогирдлари орасидан ҳам юзлик маррани оширган мерганлар етишиб чиқади.

8 марта яраланган, 2 марта контузия олган Номоконов Кенигсберг остонасигача боради. Германия капитуляциясидан кейин уни Байкалорти фронтига жўнатишади. Бу ерда у Квантун армиясининг 15 аскарини йўқ қилади. 1945 йилнинг 26 сентябрида қаҳрамон Семён Номоконов ўз номига совға қилинган № 24638 рақамли снайперлик милтиғи, дурбин ва от билан урушдан қайтади.

Дарвоқе, унинг омон қолган ўғли Владимир ҳам 1944 йилда урушга жўнайди ва отаси сингари снайперлик қилиб, 56 душманни йўқ қилади.

Урушдан кейинги ҳаёт

Фронтдан қайтган Номоконов яна колхозга ишга киради ва дурадгорлик қила бошлайди. Уйланади, яна 8 фарзанд кўради. 6 ўғли ҳарбий хизматга бориб қайтади. У ҳақда шеърлар ёзилади, юзлаб очерклар битилади, фильмлар олинади. Ҳудудий музейда Семён Номоконовга оид махсус бурчак ташкил қилинади, номи билан мерганлик мусобақалари ўтказилади. Ҳарбий мухбир Евгений Воробьёв Номоконов ҳақида “Ажал трубкаси” асарини ёзади.

Оддий ҳаёт кечирса-да, у жуда машҳур эди ва ҳар куни дунёнинг турли бурчакларидан хатлар оларди. Кунларнинг бирида Гамбургда яшовчи аёл унга шундай мазмундаги нома йўллайди: “Балки мерганнинг трубкасида менинг ўғлим, Густав Эрлих қайд қилингандир? Умуман, сиз қурбонларингиз учун дуо қилганмисиз?” Хатни таржима қилиб берганларида Номоконов хотиржамлик билан ўз ўғлига шундай жавоб ёзишларини тайинлайди: “Ўғлингиз ҳақидаги белги трубкамдан бўлиши мумкин, мен душманларимнинг қиёфасини ёки номма-ном эслаб қолмаганман. Дуо қилишимга келсак, сиз немис аскарларининг Ленинграддаги қилмишларини кўрганингизда эди, ўз ўғлингиз бўлса ҳам лаънатлар эдингиз”.

Семён Номоконов 1973 йилнинг 15 июлида вафот этади.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид