Жаҳон | 09:43 / 07.04.2023
6691
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия раҳбари Хитойни Россияга қурол етказиб бермаслик ҳақида огоҳлантирди

Урсула фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, Москвага қурол етказиб бериш халқаро ҳуқуқни бузишдир. У Хитойни Украинага қарши уруш олиб бораётган Россияга таъсир ўтказишга чақирди.

Фото: Xinhua

Еврокомиссия (ЕК) раиси Урсула фон дер Ляйен Хитойни Россияга қурол етказиб бермаслик ҳақида огоҳлантирди. Пекинда Хитой раҳбари Си Жинпинг билан Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам иштирок этган музокаралардан сўнг фон дер Ляйен Хитой Россияга тўғридан тўғри ёки билвосита ҳеч қандай ҳарбий техника бермаслигига умид билдирди. «Босқинчига қурол етказиб бериш халқаро ҳуқуқ нормаларини бузиш ҳисобланади ва муносабатларимизга жиддий путур етказади», деди Еврокомиссия раҳбари 6 апрель, пайшанба куни Пекинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатида Хитой зиммасига катта масъулият юкланган, деди фон дер Ляйен. «Биз Хитойдан ўз вазифасини бажаришини ва Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилувчи адолатли тинчликни қўллаб-қувватлашини кутамиз», - деди у.

Урсула фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, Пекиндаги музокараларда у Украина президенти Володимир Зеленскийнинг тинчлик режасига қатъий содиқлигини таъкидлаган. «Хитой Россияга ўз таъсиридан фойдаланиши учун катта масъулиятга эга. Биз Хитойнинг ёрдамига умид қиламиз», - деди у.

Еврокомиссия раҳбари Си Жинпингнинг Зеленский билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини олқишлади. «Раис Си Зеленский билан тўғри шароитда ва керакли вақтда гаплашишга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлаганини эшитиш қизиқ бўлди. Менимча, бу ижобий омил», - деди у.

Мавзуга оид