Жаҳон | 17:12 / 21.01.2026
4298
3 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия раҳбари: Гренландия бўйича АҚШга жавоб “қатъий” бўлади

ЕИ ўзининг хавфсизлик стратегиясини ишлаб чиқмоқда ва Арктика бўйича стратегиясини янгиламоқда, деди фон дер Ляйен Давосдаги ЖИФда. Трамп Гренландиянинг АҚШга ўтишига қарши чиққанларга нисбатан жорий этмоқчи бўлган оширилган божларни у хато деб атади.

Фото: REUTERS

Даниянинг автоном ҳудуди ҳисобланган Гренландия бўйича АҚШ президентининг таҳдидларига Европадаги иттифоқчиларнинг реакцияси “қатъий” бўлади. Бу ҳақда Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен сешанба, 20 январ куни Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми (ЖИФ)да сўзлаган нутқида огоҳлантирди.

Унинг айтишича, Европа “Арктика минтақаси хавфсизлигига тўлиқ содиқ” ва бу борада АҚШнинг хавотирларини ҳам баҳам кўради. Бироқ, Арктика хавфсизлигини фақат ҳамкорликда таъминлаш мумкин, деб таъкидлади у. “Биз Арктикада хавфсизликни кенгайтириш учун АҚШ ва бошқа ҳамкорлар билан ишлаймиз”, — деди Еврокомиссия раҳбари.

Урсула фон дер Ляйен сўзларига кўра, ҳозир Европада ўзининг хавфсизлик стратегияси ишлаб чиқилмоқда ва Арктика хавфсизлигини таъминлаш учун чора-тадбирлар пакети тайёрланяпти. “Сўнгги геосиёсий силкинишлар занжири Евроиттифоқни янги, мустақил Европани барпо этишга мажбур қилади”, — деди у.

Шунингдек, Еврокомиссия раиси ЕИнинг мудофаа ресурсларини ишга солиб, Евроиттифоқнинг музёрар кемалар ва Арктикада ўта муҳим бўлган бошқа танқидий ускуналардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш таклифини билдирди.

Айни пайтда Еврокомиссия раиси Данияни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдириб, “бу мамлакатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги муҳокама мавзуси бўлиши мумкин эмас”, деди. Трампнинг Гренландияни АҚШга қўшиб олиш ниятини қоралаган мамлакатлар товарларига оширилган божлар жорий этиш режасини фон дер Ляйен, айниқса гап иттифоқчилар ҳақида кетар экан, “хато” деб атади.

Бундан олдин АҚШ президенти Доналд Трамп Гренландиянинг АҚШ назоратига ўтиши масаласини ЖИФ доирасида муҳокамага чиқариш нияти борлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ “Гренландияни олишига тўғри келади”, чунки у Арктика минтақаси хавфсизлигини таъминлашда ҳам, АҚШ миллий хавфсизлиги нуқтаи назаридан ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Трамп баҳосича, Дания “Гренландияни ҳимоя қила олмайди”.

АҚШ президенти маълум қилишича, Гренландиянинг АҚШга қўшилишига қарши чиққан, жумладан Германияни ҳам ўз ичига олган саккизта Европа мамлакати оширилган божларга дуч келади: 1 февралдан божлар 10 фоиз, июндан эса 25 фоиз бўлади.

22 январ куни ЕИ мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари Гренландия атрофидаги вазият бўйича Брюсселда фавқулодда саммитга йиғилади. Шу муносабат билан ЕИ иқтисодиёт бўйича еврокомиссари Валдис Домбровскис Белгия пойтахтидаги ЕИ молия вазирлари учрашуви олдидан: Евроиттифоқ томонидан жавоб божлари жорий этилиши “истисно қилинмайди”, деди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид