21:21 / 11.04.2023
13328

«Айирбошлаш фонди» ва жосусликда айбланаётган америкалик журналист: у заиф томон тактикаси қурбоними?

29 март куни Екатеринбург шаҳрида Американинг Wall Street Journal газетаси журналисти Эван Гершкович қўлга олинди. Жосусликда айбланаётган ушбу журналист, тахминларга кўра, келгусида кимгадир алмаштириш мақсадида ушланган.

Россиялик мустақил журналистлар, жаҳоннинг йирик нашрлари ва президент Жо Байден Гершковични зудлик билан озод қилишни талаб этишди. АҚШ Давлат департаменти уни Россия томонидан ноқонуний ушлаб турилган шахс деб топди. Бу воқеа туфайли Оқ уй Россияда бўлиб турган америкалик барча фуқароларни у ерни зудлик билан тарк этишга ҳам чақирганди. 

Гершковични Ғарб давлатларидан бирида қамоқда ўтирган россиялик кимгадир алмаштириш учун «ушлашгани»га деярли ҳеч ким шубҳа қилмайди. Россиялик журналистлар америкалик ҳамкасбининг ҳибсга олинишини «айирбошлаш фондини тўлдириш» дея баҳолашган. Гершковични «гаровдаги шахс» деб ҳам аташмоқда.

«Айирбошлаш фонди» деб кимларга нисбатан айтилади?

Бу иборани ким ва қаерда ишлатаётганига боғлиқ. Украина расмий шахслари ва медиаси россиялик асирларни шундай аташади. «Айирбошлаш фонди» иборасини кейинчалик улардан Россиянинг айрим медиалари — асосан Россия ҳукумати ахборот сиёсатига бўйсунмайдиганлари ўзлаштиришди.

Россиянинг бошқа медиалари эса ғарб давлатларида ҳибсга олинган россияликларни ва Россияда ҳибсга олинган хорижликларни «айирбошлаш фонди» деб атайди. Унинг бу маъноси иккиламчи, у камроқ тарқалган, бироқ бу ҳам тобора машҳурлашмоқда.

«Айирбошлаш фонди» «асирлар» маъносида бироз беадаб ифодада Донбассдаги 2014-2015 йилги можаролар чоғида муомалага кирганди. Ундан фронтнинг ҳар икки томони фойдаланган. Дастлаб бу ҳарбий жаргон сифатида ишлатилган.

Кейинроқ, 2016 йилдан бошлаб у кенг истеъмолга кириб кела бошлади.

Жуда тезда «айирбошлаш фонди» деганда нафақат ҳарбий асирлар, шунингдек садоқатли эмасликда гумонланиб ушлаган оддий фуқаролар ҳам тушунила бошланди. Масалан, ижтимоий тармоқларда Украина тараф бўлиб нимадир ёзган донбассликлар. Украина манзилига ҳам улар тобора кўпроқ россияпарастларни ҳибсга олишаётгани — «айирбошлаш фонди»ни шакллантираётгани борасида айбловлар янграй бошланди.

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг «душманнинг аскарини асирга олиш» маъносида «айирбошлаш фондини тўлдириш» иборасидан Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси кўп фойдаланмоқда. Ҳатто Володимир Зеленский ҳам бу иборадан фойдаланган.

Россия томонидан «айирбошлаш фонди» ибораси деярли ишлатилмайди. Истиснолар жуда характерли: «ДХР» раҳбари Денис Пушилин, «ЛХР»нинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Виктория Сердюкова, «ДХР» раҳбарининг маслаҳатчиси Ян Гагин. Яъни Донбассдаги арбоблар. Кремл, РФ ташқи ишлар вазирлиги, мудофаа вазирлиги, РФ президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татяна Москалкова аҳён-аҳёнда «асирларни айирбошлаш» ҳақида гапиришади, «айирбошлаш фонди»ни ҳеч қачон тилга олишмаган.

Россия медиаси «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг «алоҳида айирбошлаш фонди» (алоҳида деганда — мудофаа вазирлиги фондидан алоҳидалиги назарда тутилган) ҳақида ёзишади. Евгений Пригожиннинг ўзи омма олдидаги чиқишларидан бирортасида «айирбошлаш фонди» иборасидан фойдаланмаган.

Бироқ, «махсус ҳарбий амалиёт» учун куйинаётган Россия медиалари вақти-вақти билан «АҚШ Россия фуқароларидан иборат айирбошлаш фонди шакллантираётгани» ҳақида ёзиб қолишади. Улар Ғарб давлатларида жосуслик, ҳакерлик ва фирибгарликда айбланиб қўлга олинган россияликларни назарда тутишади. Эван Гершковичнинг ҳибсга олинишини ҳам «айирбошлаш фондининг тўлдирилиши» деб ёзишади.

Буни сиёсий тилнинг «донбасслаштирилиши» деб аташ мумкин.

«Айирбошлаш фонди» — гаровдагиларми?

Гап асирлар ҳақида кетганда бундай деб бўлмайди. Асирларни айирбошлаш Женева конвенциялари билан тартибга солинувчи стандарт маросим. Агар маҳбуслар ҳақида гап кетса – ҳа, «айирбошлаш фонди»дагилар моҳиятан гаровдаги инсон ҳисобланади.

БМТнинг гаровга олишга қарши курашиш конвенцияси жиноят таркибига қуйидагича таъриф беради: «бошқа шахсни қўлга олиш ёки ушлаб туриш, ўлдириш, зарар етказиш ҳамда (гаровдаги) бошқа шахсни ушлаб туришда давом этиш билан учинчи томон — давлат, халқаро ҳукуматлараро ташкилот, қандайдир жисмоний ёки юридик шахс ёки шахслар гуруҳини гаровдаги шахснинг бевосита ёки билвосита шартлар асосида озод этилиши эвазига қандайдир хатти-ҳаракатни содир этиш ёки содир этишдан тийилишга мажбурлаш».

Бунга яққол мисол — 1972 йил Мюнхен олимпиадасидаги теракт. Фаластиннинг «Қора сентябр» гуруҳи тўққиз нафар исроиллик спортчини гаровга олиб, уларни озод қилиш эвазига Исроил қамоқхоналаридан 234 нафар фаластинлик чиқариб юборилишини талаб қилган. Акция иш бермаган: немис полицияси гаровдагиларни озод қилишга муваффақиятсиз уриниб кўрган, натижада гаровдагиларнинг барчаси ва террорчиларнинг катта қисми ўлдирилган. Ушланганлардан уч нафари эса икки ойдан сўнг «Қора сентябр» томонидан эгалланган самолётда гаровга олинганларни озод қилиш эвазига айирбошланган.

Энди таққосланг. 2018 йилнинг 1 декабрида Канадада Америка ордери билан Хитойнинг Huawei компанияси молиявий директори ва компания президентининг қизи Мэнг Ванжоу ҳибсга олинган. АҚШда у фирибгарликда ва Эронга қарши жорий этилган санкцияларни айланиб ўтишда гумонланган. 10 декабрда Хитойда Канада фуқаролари Майкл Спэйвор ва Майкл Ковриг ҳибсга олинган.

2021 йилнинг 24 сентябрида Америка Адлия вазирлиги Мэнг Ванжоу экстрадиция қилинишини талаб қилмаслиги ва ундан барча айбловларни олиб ташлаганини эълон қилди. Шу куни Канада бош вазири Жастин Трюдо Спэйвор ва Ковриг Хитойда ҳибсдан озод қилингани ва ватани томон парвоз қилаётганини айтиб чиқди. 

Расмий шахслардан бирортаси на Канадада, на Хитойда, на АҚШда Мэнгнинг тақдири Спейвор ва Ковригники билан боғлиқ эканини тилга олган. Лекин факт жиҳатидан, бу очиқчасига hostage diplomacy — «гаровли дипломатия» эди, албатта.

Бошқа мисол. 2016 йилда Туркияда америкалик пастор Эндрю Брансон ҳибсга олинди. Уни муваффақиятсизликка учраган давлат тўнтариши ташкилотчилари билан ҳамкорликда айблашди. Воқеадан бир йил ўтиб Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған очиқчасига агар Америка Туркияга ўша давлат тўнтаришини уюштиришда айбланаётган диний воиз Фатҳуллоҳ Гуланни топширса эвазига пасторни беришини айтди. Бу ҳам «гаровли дипломатия» эди.

Тўғри, Эрдўған Хитой ҳукумати эришган натижага эриша олмади: АҚШ Гуланни шу вақтгача топширмади. Боз устига, улар Туркияга нисбатан санкциялар жорий қилишди — бу НАТОга аъзо давлатга нисбатан санкция жорий қилинган илк ҳолат бўлди. 2018 йилда Туркия суди Брансонга у дастлабки тергов даврида қамоқда сақланган даврга тенг озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади. Шу тариқа, пастор озодликка чиқиб, ватанига қайтди. АҚШ ҳам жорий этган санкцияларини тезгина ечди.

Энди 2019 йили рўй берган воқеани ёдга олайлик. Москва аэропортида Россия орқали транзит тарзда учаётган, багажида наша бўлган Исроил фуқароси Наама Иссаҳар ушланади. Иссаҳарнинг ўзи ҳам, унинг нашаси ҳам формал жиҳатдан Россия чегарасини кесиб ўтмаган. Бироқ, аёлни ҳибсга олишади ва наркотик модда контрабандасида айблашади.

Россия дарҳол уни Исроилда қамоқда сақланаётган, ҳакерликда айбланиб, АҚШга экстрадицияни кутаётган Алексей Бурковга алмашишни таклиф қилади. Исроил буни рад этади, Бурковни эса АҚШга топширади — Америкада у тўққиз йилга қамалади. Иссаҳарни эса барибир озод қилишади — Қуддусдаги Александр бутхонасини Россияга топшириш эвазига. Кейинроқ, Исроил суди бу битимни ҳам тўхтатади.

Наама Иссаҳар гаровга олинган эдими? Ҳа, албатта. Бурков Россия ҳокимияти учун нимаси билан қимматли эдики, уни озод қилиб келиш учун мана шундай радикал чораларга қўл уришга мажбур бўлишган, буниси ноаниқ. Эҳтимол, у шунчаки жуда кўп нарсани билган

Нима бўлганда ҳам, гамбит барбод бўлган. Бироқ Россия ҳукумати яна бир неча бор бундай операцияларга қўл урган, айримлари муваффақият билан якун топган. 2019 йилнинг августида Москвада тўполон учун америкалик талаба Тревор Ридни қўлга олишган. 2022 йил апрелида у АҚШга наркотик моддалар етказиб беришда айбланиб, Америка қамоқхонасида 10 йилдан зиёд ўтирган Константин Ярошенкога алмаштирилган.

Россия узоқ йиллардан буён қурол-яроғ савдоси билан айбланиб, АҚШда қамалган Виктор Бутни озод қилишга бесамар уриниб келаётганди. Ниҳоят, 2022 йилнинг сўнгида у Иссаҳар каби наркотик контрабандасида айбланиб, қамоқхонада ўтирган баскетболчи қиз Бритни Грайнерга алмаштирилади

Бу айирбошлашларнинг барчаси совуқ уруш йилларидаги одам алмаштиришларга ўхшаб кетади. Масалан, 1962 йилда Гэри Пауэрснинг Рудолф Абелга алмаштирилиши ёки 1976 йилда Владимир Буковскийнинг Луис Корволанга айирбошланиши. Лекин битта приниципиал фарқ бор. Пауэрс СССР осмонида уриб туширилган разведкачи учоқнинг пилоти эди; Абел — совет агенти. Диссидент Буковский СССРда сиёсий маҳбус эди, коммунист Корвалан — эса сиёсий қарашлари туфайли Чилида ўтирган эди. Яъни ўшанда жосусни — жосусга (ёки разведкачини — разведкачига), сиёсий маҳбусни — сиёсий маҳбусга алмашишган.

Рид Ярошенкога, Грайнер Бутга, Ванжоу Спэйвор ва Ковригга алмаштирилиши ёки амалга ошмай қолганлари: Иссаҳарни Бурковга, Брансонни Гуланга айирбошлаш — мутлақо симметрик эмас: тасодифий одамларни тасодифий бўлмаган одамларга алмаштиришга ҳаракат қилишган. 

Бу томондан олиб қаралганда Россия, Туркия ва Хитой ҳукуматларининг мотивацияси ва фаолияти баъзи бир жиҳатлари эътиборга олинмаса, ўша «Қора сентябр» ва бошқа террорчилик гуруҳларникини жуда эслатиб юборади.

Яқиндаги ҳолат — украиналик 215 асир (жумладан, «Азов» полки қўмондонлари)нинг 55 нафар россиялик ва Виктор Медведчукка алмаштирилиши. Ушбу уникал ҳолатда «айирбошлаш фонди»нинг икки маъноси қоришиб кетган: ҳарбий асирлар ва маҳбуслар, тўғрироғи бир нафар муҳим маҳбус. Медведчук эса асло тасодифий инсон эмас: у «Путиннинг оғайниси» ва кўп йиллар давомида Кремлнинг Украинадаги таъсир агенти эди. Шунинг учун Украина «азовчилар»ни асирликдан қутқариш учун уни гаровга олди, деб таъкидлаш ғайриқонуний.

Эван Гершкович ҳам алмаштириладими?

Деярли шундай. Америкалик собиқ денгиз пиёдаси, 2020 йилда Россияда жосуслик учун 16 йилга қамалган Пол Уилан каби.

Россия ҳокимияти уларнинг ҳар иккисини жосус деб атаётгани ўта муҳим. Уларнинг ўзига ҳам «Қора сентябр»га ўхшаб қолаётганликлари унчалик ёқмаяпти, шу сабабли бўлғуси айирбошлашлар Грайнер – Бутники каби эмас, Пауэрс – Абелники каби бўлишини исташмоқда. 

Россияда Гершкович ва Уиланга айирбошлашга тайёр бўлган, турли давлатларда ўтирган россиялик маҳбуслар жуда кўп. Германияда, масалан, собиқ чечен дала қўмондони Зелимхон Ҳангшвилини ўлдирган, ФСБ офицери деб тахмин қилинаётган Вадим Красиков ўтирибди. Уни Грайнерга алмаштирмоқчи бўлиб ҳам кўришган, америкаликлар кўнишмаган.

АҚШда «Незыгарь» сиёсий телеграм-канали эгаси деб тахмин қилинувчи, Кремл учун ОАВни мониторинг қилувчи тизим яратиб берган ҳакер Владислав Клюшин ўтирибди.

Америкада LinkedIn ва Dropbox’ни бузишда иштирок этган рус ҳакери  Евгений Никулин ҳам ўтирибди. Никулин Ҳиллари Клинтоннинг электрон почтасини бузиш, шунингдек, АҚШда россиялик ҳакерлар томонидан амалга оширилган бошқа сиёсий акцияларни ҳам унинг бўйнига қўймоқчи бўлишаётганини таъкидлаган.

Словенияда 2022 йил охирида аллақандай Людвиг Гиш ва Мария Майер қўлга олинган — улар аслида россиялик разведкачилар экани даъво қилинмоқда. Хуллас, мана шулар кўплаб вариантларнинг айримлари.

Айирбошлаш — Россия ҳокимияти ўзига «керакли» маҳбусларни хорижий давлатдан юртига келтиришнинг ягона усули эмас. Айтайлик, 2017 йилда Грецияда BTC-e биткойн биржаси эгаси Александр Винник ҳибсга олинади. Россияликлар дарҳол унга нисбатан қидирув эълон қилишади: унинг АҚШга эмас (Америкада у пул ювишда айбланаётганди), Россияга экстрадиция қилинишига эришиш мақсадида. Найранг муваффақиятсиз тугайди: 2022 йилда Винникни АҚШга топширишади.

Худди шу усулни Артём Усс — Красноярск ўлкаси губернаторининг ўғлига нисбатан ҳам қўллашади. Уни 2022 йилда АҚШ сўровига биноан Италияда қўлга олишади — у фирибгарлик ва санкцияларни айланиб ўтишда айбланмоқда. Россия ҳам дарҳол унга нисбатан қидирув эълон қилиб, экстрадиция қилинишини Италиядан талаб қила бошлайди — яна муваффақиятсиз: Италия Усснинг АҚШга экстрадиция қилинишини тасдиқлаган. Шунда Усс уй қамоғидан қочиб кетишга муваффақ бўлади ва унинг ҳозир қаерда экани номаълум. У Россияга йўл олгани ёки аллақачон кириб келгани эҳтимоли катта.

Мана шунинг учун Россияга «керакли» маҳбусларни қайтаришнинг ягона ва самарали йўли «айирбошлаш фонди»ни шакллантириш бўлиб чиқмоқда. Бу эса заиф томоннинг — ўз мақсадига эришишнинг бошқа йўлларини билмайдиганларнинг тактикаси. Худди терроризм сингари.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top