Ҳеч эътибор берганмисиз, аксар ҳолатда катталар вақт тез ўтаётганидан нолийди. Баъзида инсон ҳаддан ортиқ банд бўлганда ростдан ҳам вақт шамолдай учиб ўтаётганга ўхшаб туюлади. Аслида ҳам вақт ўтиши тезлашганми ёки инсон олдингига қараганда кўпроқ бандми?

Миннесота университети хронобиологи Роберт Сотерн 48 йил давомида ҳар куни 5 ёки 6 марта 60 сониядан санаб чиқади. Ва 69 ёшга кирганда узоқ йиллик тажрибаларидан сўнг Сотерн аксар кишиларга ёши катта бўлиб боргани сари вақт тезроқ ўтаётгандай туюла бошлайди, деган хулосага келади. Бироқ унинг хулосаси тўла илмий далилланмаган.

Асл вақт ва хаёлимиздаги вақт

Инсоният вақтни қандай тушуниши турли усулларда ўрганилади. Олимлар инсон вақт ўтишини одамлар қандай баҳолашини ва вақтнинг ҳақиқатда соатда қандай ўтишини солиштириб кўришган. Шунингдек, улар биз вақтни қандай ҳис қилишимизни – тез ёки секин ўтаётганини англашимизни ҳам ўрганишади.

Бундан ташқари, инсон вақтни турли даврларга бўлиб, ўтмиш, бугун ва келажак сифатида хотирасига муҳрлайди. Гарчи вақт тезлиги ўзгариб қолмаса ҳам, биз хотирамизда унинг тезлашганлиги ҳақида иллюзия яратамиз.

Бироқ вақт иллюзиясини яратиш инсоннинг хронологик ёшига кўп ҳам боғлиқ эмас. 2005 йили ўтказилган тадқиқотлардан бирида 20 ёшдан 69 ёшгача бўлган 100 нафар иштирокчининг вақтни баҳолаш кўникмаси ўрганилган. Улар фақатгина стуллар ва секундомер мавжуд қоронғи лабораторияга жойлаштирилади ва орадан қанча вақт ўтганини тахмин қилишлари сўралади. Иштирокчиларнинг тахминлари ёшга қараб унча фарқланмайди. Эркаклар вақтнинг аслидагидан кўпроқ ўтганини, аёллар эса камроқ ўтганини айтишади.

Катталарнинг вақти бошқаларникидан тезроқ ўтмайди

Икки психолог – Уилям Фридман ва Стив Янссен бир-биридан мустақил ҳолда тадқиқотлар ўтказиб, вақтнинг тез ўтаётганини баҳолаш ёшга боғлиқмас, деган хулосага келади.

Психологлар фикрига кўра, инсон ўтмишига назар солганда ўша пайтлари вақт секин ўтгандай, ҳозир эса гўё тез ўтаётгандай тасаввур қилишади. Бу эса уларда вақт ўтиши ёшга қараб тезлашади деган ишонч шаклланишига сабаб бўлиши мумкин. Одамлар кичиклигида вақт қандай ўтгани ҳақидаги хотирани унутиб қўйишади холос. Бу уларга улғайганда вақт тез ўтаётгандай тасаввур беради.