Норасмий секторда банд бўлганлар ҳисобига давлат бюджетига 32,9 трлн сўм тушмаган
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари Ўзбекистонда норасмий бандлик ҳолатини таҳлил қилди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда жами иқтисодий фаол аҳоли 14,98 миллион кишини ташкил қилган. Ундан жами 13,7 миллион киши иш билан банд бўлиб, уларнинг 6,5 миллион (47 фоиз) расмий секторда банд.
Иқтисодий фаол аҳоли бу иқтисодиётда банд бўлганлар ва ишсизларни ўз ичига олади. Бунга талабалар, бола парвариши билан декрет таътилида ўтирганлар ва ўз хоҳишига кўра ишламайдиганлар кирмайди.
Иқтисодий фаолият турлари бўйича жами норасмий секторда банд бўлганларнинг энг катта улуши, яъни 34 фоизи қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида меҳнат қилади. Худди шу кўрсаткич савдода 14 фоиз, қурилишда 14 фоиз ва саноатда 11 фоизни ташкил этади.
Норасмий бандлар бу юридик шахс мақомига эга бўлмаган корхоналарда ишлайдиган ишчилар. Ушбу тоифага меҳнат муносабатларини рўйхатдан ўтказмасдан ишлайдиган хуфиёна сектор вакилларидан ташқари, рўйхатдан ўтмаган якка тартибдаги тадбиркорлар, ўз-ўзини банд қилганлар ва уларнинг ишчилари киради. Таъкидланишича, норасмий секторнинг катталиги ҳукуматларга иқтисодий сиёсатни самарали амалга ошириш ва иқтисодиётни тартибга солишда қийинчилик туғдиради.
Норасмий секторда бандлар соҳалар кесимида расмий секторда бандлар билан бир хил миқдорда иш ҳақи олади деб фараз қилинса, 2022 йилнинг ўзида 9 миллиондан ошиқ аҳоли норасмий секторда банд бўлгани ҳисобига давлат бюджетига солиқ кўринишида 32,9 триллион сўм маблағ тушмаган.
Бюджет маблағларининг ярмидан кўпи ижтимоий соҳага йўналтирилиши инобатга олинса, бу маблағ ҳисобига 500 ўқув ўринли 4 100 та умумтаълим мактаблари қуриш ёки барча ҳудудлардаги таълим олувчиларни сифатли таълим билан қамраб олиш учун мавжуд 10 522 та умумтаълим мактабларини моддий-техник базасини замонавий ўқув анжомлари билан таъминлаш ёки 3 737 та амбулатор тиббий муассаса қуриш ёки соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббий ходимлар ойлик маошини 7,8 миллион сўмга етказиш ёки умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг ойлик маошини 7,2 миллион сўмга етказиш мумкин бўларди.
Билдирилишича, тегишли солиқларни тўламасдан бироз кўпроқ даромад олиш орқали «ютиш» бевосита бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишдаги «ютқазиш»га олиб келмоқда, дейилади институт шарҳида.
Мавзуга оид
15:24 / 02.11.2024
Октябрда илк марта давлат бюджети ойлик профицитга чиқди
07:50 / 02.11.2024
Бандлик вазирлиги ишсизлик даражаси камайганини маълум қилди
18:42 / 30.10.2024
Мактаб дарсликлари ижараси учун тўлов тикланиши мумкин
15:10 / 25.10.2024