Оммавий чиқишлар учун давлатга хиёнат айблови

«Ҳали юртимизни қоплаган зулмат чекинади, оқни оқ, қорани қора дейдиган, урушни уруш, зўравонни зўравон дейдиган кун келади. Икки карра икки тўрт экани расман тан олинади. Ҳали урушни бошлаганлар жиноятчи деб аталади, уни тўхтатишга уринганлар эмас», деди Кара-Мурза ҳукм олдидан берилган сўнгги сўзида. Сиёсатчи бу гапларини омма олдида эмас, судя ва прокурор олдида гапира олди, холос. Чунки суд мажлиси кузатувчи ва журналистлар учун ёпиқ кўринишда ўтказилди.

«Ёпиқлик ва дискриминация борасида менинг судим 1960-70-йиллардаги совет диссидентларининг «суди»ни ҳам доғда қолдирди», деди Кара-Мурза судда.

Суд жамоатчиликдан ёпиқ тарзда ўтказилганига сиёсатчи давлатга хиёнатда айбланаётгани сабаб қилиб келтирилди. Аммо жараёнда ёпиқ маълумотлар кўриб чиқилмаган. Уни давлатга хиёнатда айблашнинг ўзи мантиқсизлик эди, чунки сиёсатчи ҳеч қандай махфий маълумотга эга бўлмаган ёки ошкор қилмаган, шунчаки АҚШ ва Европадаги чиқишлари учун давлатга хиёнатда айбланган.

Кара-Мурза бу чиқишларида сиёсий мотивдаги «давлат террори», сайловдаги сохталаштириш, Россиядаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида гапирганди. Шунингдек, Россияни Украинага қарши уруш очган агрессор-давлат деб атаган. Айблов хулосасига кўра, Кара-Мурза бу чиқишлари орқали Россия ташқи хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига хавф юзага келтирган.

Терговга кўра, Кара-Мурза сиёсий маҳбус Юрий Дмитриевга Ҳелсинки қўмитасининг мукофотини топшириш маросимида сўзга чиқиш орқали «худбинлик қилиб» Россияга зарар етказган. Журналистлар бу кимдир оммавий маросимда сўзга чиққани учун давлатга хиёнатда айбланган илк ҳолат эканига эътибор қаратди.

Сиёсатчининг яқинларини унга қўйилган айблов ажаблантирмаган. «Володяга эртами-кечми давлатга хиёнат айблови қўйиларди, чунки ҳозирги ҳукумат бутун мамлакат фақат ўзидан иборат деб ҳисоблайди. Уларнинг манфаатлари хавф остида қолса, демократик давлатларга боргани қўйишмаса, пуллари музлатилса, улар бундан мамлакат зарар кўрмоқда деб ҳисоблашади», деган Кара-Мурзанинг рафиқаси Евгения BBC билан суҳбатда.

Давлатга хиёнат Кара-Мурзага қарши қўйилган энг оғир, лекин ягона айблов эмас. Унга қарши Россия армиясига қарши «фейк» тарқатиш (бу ҳам оммавий чиқишлари учун) ва Россияда «хушланмайдиган» деб топилган Free Russia Foundation ташкилоти билан ҳамкорлик айблови ҳам қўйилган. Россияда бу ташкилот 2019 йилда «хушланмайдиган» деб топилган. Айбловга кўра, Кара-Мурза 2021 йилда бу ташкилот пулига Сахаров марказида сиёсий маҳбуслар мавзусида анъанавий анжуман ўтказган.