Жаҳон | 08:10 / 15.09.2025
3469
2 дақиқада ўқилади

Беларусда озод этилган сиёсий маҳбусларнинг паспорти олиб қўйилди

Собиқ маҳбусларга ҳужжатлар ўрнига фақат А4 ўлчамидаги вақтинчалик қоғозлар берилди. АҚШ ва Европа озод этилишни олқишлади, аммо репрессияни тўхтатишни талаб қилмоқда.

Фото: RFE / RL

11 сентябр куни озод этилган Беларус сиёсий маҳбуслари депортациядан олдин Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) ходимлари уларнинг паспортларини мусодара қилганини айтди. Хавфсизлик кучлари анархист Николай Дедконинг паспортини йиртиб ташлаган. Озод қилинган маҳкумларга паспорт ўрнига А4 форматидаги вақтинчалик қоғозлар берилди. Бу ҳужжатлар тўлиқ шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг хусусиятларига эга эмас, деб хабар қилди Беларус мухолифати етакчиси Светлана Тихановскаянинг идораси.

«Одамлар миллий паспортларидан маҳрум этилди ва мажбуран депортация қилинди. Бу нафақат инсон қадр-қимматини қўпол равишда камситиш, балки асосий инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқнинг бузилишидир. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактни имзолаган Беларус ҳаракат эркинлигини таъминлаш ва фуқаролик ҳуқуқини ҳурмат қилишга мажбурдир», деди Тихановскаянинг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси Леонид Морозов.

Аввалроқ, АҚШ президентининг махсус вакили Кит Келлогнинг ўринбосари Жон Коул Минскка ташриф буюриб, Беларус раҳбари Александр Лукашенко билан учрашганидан сўнг, ҳукумат 52 сиёсий маҳбусни, жумладан, 14 нафар чет эл фуқаросини Литвага жўнатиб юборди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид