ЕИнинг Судандаги вакилига ўз қароргоҳида ҳужум уюштирилди
Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Хартумдаги Айдан О'Хара қароргоҳига уюштирилган ҳужумни Вена конвенциясини қўпол равишда бузиш деб атади.
Суданда Европа Иттифоқининг ушбу Африка давлатидаги вакили, ирландиялик дипломат Айдан О'Хара Хартумдаги ўз қароргоҳида ҳужумга учради. Бу ҳақда 17 апрель, душанба куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Twitter'да маълум қилди.
Боррелга кўра, содир бўлган воқеа Вена конвенциясини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. «Дипломатик бинолар ва ходимлар хавфсизлиги Судан ҳукуматининг асосий масъулияти ва халқаро ҳуқуқ бўйича мажбуриятидир», деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича Олий вакили.
Жозеп Боррел ЕИ вакилининг Судандаги қароргоҳига қилинган ҳужумга оид қўшимча маълумот бермади. Германиянинг dpa агентлиги дипломатик доиралардаги манбаларига таяниб хабар беришича, О'Хара жароҳат олмаган ва ҳозирда ўзини яхши ҳис қилмоқда.
Аввалроқ, 17 апрель куни Боррел Суданда давом этаётган тўқнашувлар фонида ЕИ можаронинг ҳар икки томонини ҳуманитар пауза ва мулоқот зарурлигига ишонтиришга ҳаракат қилаётганини айтди. «Судандаги тинч аҳоли хавфсиз бўлиши ва воситачилик қилиш учун жой олиши кераклиги туфайли зудлик билан ўт очишни тўхтатиш лозим», деди у.
Суданда армия ва исёнчилар ўртасидаги тўқнашувлар оғир артиллерия, танклар ва ҳаво ҳужумлари билан кечиши оқибатида қурбонлар сони ортиб бормоқда. Жанглар чоғида 97 киши ҳалок бўлди, яна 942 киши яраланди, деб хабар берди 17 апрель куни маҳаллий шифокорлар уюшмаси.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, қурбонлар сони камида 83 кишини ташкил этган, 1000 дан ортиқ киши жароҳат олган. Пойтахт Хартумнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларида қурбонларнинг ҳақиқий сони бундан ҳам кўп, деган хавотирлар бор.
Судан армияси ва Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) ўртасида жанглар давом этяпти. Жанглар Хартумда ва ҳукумат иншоотлари, жумладан, президент саройи ва қуролли кучлар бош қароргоҳида юз беряпти. Тўқнашувлар яна бир қатор бошқа шаҳарларда, жумладан Жанубий Дарфур провинцияси маркази бўлган, аҳоли зич жойлашган Няла шаҳрида ҳам содир бўлмоқда.
Сўнгги кунларда Суданнинг амалда президенти бўлган Абдул Фаттоҳ ал-Бурҳон ва унинг ўринбосари, RSF’ни бошқараётган Муҳаммад Ҳамдан Дагало ўртасидаги зиддият кескин авж олди. Исёнчилар мамлакатнинг камида учта аэропортини, шунингдек, бир қатор ҳарбий объектлар ва президент саройини эгаллаб олганини маълум қилди. Судан армияси бу маълумотни рад этди. Мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари RSF базаларига ҳаво ҳужумларини давом эттириб, тинч аҳолини уйда қолишга чақирди.
Мавзуга оид
11:29 / 06.11.2024
Украинага ёрдам: ЕИ АҚШ сайловлари натижаларини кутмоқда
10:08 / 06.11.2024
ЕИдаги ёнувчи посилкалар: Литвада гумондорлар ушланди
12:30 / 05.11.2024
Жанубий Корея ва ЕИ КХДР аскарлари Россияга юборилганини қоралади
10:30 / 05.11.2024