Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИдаги ёнувчи посилкалар: Литвада гумондорлар ушланди
Литва ва бошқа давлатлар Ғарб давлатларига ўзидан ўзи ёниб кетган посилкалар жўнатилиши ҳолатларини жадал тергов қилмоқда, деди Литва бош прокурори Нида Грускиене. Вилнюсда воқеада Россия махсус хизматлари айбланмоқда.
Литвада Европа Иттифоқидаги почта логистика марказларида посилка ёнғинлари билан боғлиқ иш юзасидан бир неча киши қўлга олинди. Вилнюс прокуратурасининг 5 ноябр, сешанба куни хабар беришича, гумонланувчилар Литвадан бошқа Ғарб давлатларига ёнувчи посилкаларни жўнатишга алоқадор деб ҳисобланяпти.
Литва президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Кястутис Будриснинг фикрича, воқеалар ортида Россия ҳарбий разведкаси – Россия Федерацияси Бош штабининг Бош бошқармаси турибди. «Биз (ёмон ниятли операциялар) манбасини зарарсизлантиришимиз ва уни йўқ қилишимиз керак. Ва биз бу операциялар ортида ким турганини биламиз», — дея унинг сўзларини келтиради dpa агентлиги.
Ўз навбатида, Литва бош прокурори Нида Грускиене Вилнюсда журналистлар билан суҳбатда тергов қизғин олиб борилаётгани ва унда бошқа давлатлар ҳам иштирок этаётганини таъкидлади. У қўшимча маълумот бермади.
Британия ва Германияда посилканинг ёниши
ОАВ маълумотларига кўра, 22 июл куни Британиянинг Бирминҳем шаҳри яқинидаги DHL логистика марказида посилка ёниб кетиши билан боғлиқ ҳодиса юз берган. Шундан сўнг ўт ўчириш хизматлари ҳеч қандай жабрланувчиларсиз оловни ўчиришга муваффақ бўлди. Буюк Британияда тергов бошланди.
Шунга ўхшаш ҳодиса июл ойида Германияда ҳам содир бўлган эди. Терговга раҳбарлик қилаётган федерал прокуратура маълумотларига кўра, посилка Лейпциг аэропортидаги DHL юк марказида ёниб кетган. Конституцияни ҳимоя қилиш федерал идораси раҳбари Томас Ҳалденванг ўшанда таъкидлаганидек, самолёт бортидаги ёнғин унинг ҳалокатига олиб келиши мумкин эди.
Россияга қарши айбловлар
4 ноябр куни The Wall Street Journal (WSJ) газетаси ғарб махсус идораларидаги манбаларга таяниб, Россия Германия ва Буюк Британиядаги логистика марказларидаги воқеаларга алоқадорлигини ёзди. Нашрнинг ёзишича, хавфли посилкаларда магний асосидаги ёнувчи модда билан тўлдирилган электр массажерлар бўлган.
Нашр манбаларининг таъкидлашича, Россия агентлари операциясидан мақсад Шимолий Америкага учаётган самолётларга ўт ўчириш мосламаларини қандай олиб киришни аниқлаш бўлган.
Октябр ойи охирида Полша миллий прокуратураси DHL омборларида содир бўлган ёнғинлар бўйича тўрт киши ҳибсга олинганини маълум қилди. Ҳибсга олинганлар чет эл разведкаси топшириғи билан террорчилик амалиётларида иштирок этганликда айбланган.
Кремл WSJ нашрига берган изоҳида Ғарб мамлакатларига ўзидан ўзи ёниб кетувчи посилкаларни тарқатишда иштирок этганлик айбловларини рад этди.