Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Штайнмайер Варшавада нацистларнинг қилмишлари учун кечирим сўради
Варшава геттоси қўзғолонининг 80 йиллигига бағишланган хотира тадбирида ГФР президенти Германиянинг тарихий масъулияти ва Украинани қатъий қўллаб-қувватлашини эълон қилди. Европада янги уруш бўлмаслиги керак эди, деди у.
Варшава геттоси қўзғолони бошланганининг 80 йиллиги муносабати билан Германия федерал президенти Франк-Валтер Штайнмайер Иккинчи жаҳон уруши даврида яҳудийларнинг таъқиб ва қирғин қилиниши учун Германия масъулиятини яна бир бор таъкидлаб, кечирим сўради. «Бугун мен сизнинг олдингизда туриб, бу ерда немислар томонидан содир этилган жиноятлар учун кечирим сўрайман», деди у 19 апрель, чоршанба куни Варшавада Полша ва Исроил президентлари Анжей Дуда ҳамда Ицҳак Герцог иштирокидаги хотира тадбирида. У немис халқи билан ярашгани учун ҳар икки давлатга миннатдорчилик билдирди. Штайнмайер сўзларига кўра, бу «чексиз қимматбаҳо совға».
«Немислар Европа яҳудийларини, Варшава яҳудийларини шафқатсизлик ва ғайриинсонийлик билан қувғин қилдилар, қулга айлантирдилар ва ўлдирдилар», деди Германия президенти ҳамда нацистлар ўз жиноятларини пухта режалаштириб, амалга оширганликларини таъкидлади. Унга кўра, немислар ўз масъулиятини, омон қолганлар ва ўлганлар улар зиммасига юклаган вазифани билишади. «Биз немислар учун тарихимиз бўйича масъулиятнинг охири йўқ. Бу бизнинг эслатмамиз ҳамда ҳозирги ва келажакдаги вазифамиз бўлиб қолади», - деди Штайнмайер.
«Ҳеч қачон!» - бу Германия тарихининг энг муҳим сабоғидир ҳамда у Россиянинг Украинага бостириб кириши каби уруш Европада ҳеч қачон бошланмаслиги кераклигини англатар эди, деди Германия президенти. «Ҳеч қачон - биз Полша ва бошқа иттифоқчиларимиз билан бирга Украина томонида турибмиз, дегани. Биз Украинани ҳуманитар, сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаймиз», деб қўшимча қилди Штайнмайер.
1940 йилнинг кузида немис босқинчилари томонидан яратилган ва 450 мингга яқин одамни ўз ичига олган Варшава геттосидаги қўзғолон бугунги кунда Иккинчи жаҳон уруши давридаги энг йирик яҳудийлар қаршилиги деб аталади. 1942 йилда нацистлар яҳудийларни меҳнат лагерлари ва концлагерларга сургун қилишни бошлади, фақат июлдан сентябргача 250-280 минг киши ўғирлаб кетилган ёки ўлдирилган. 1943 йил 19 апрелда СС қўшинлари геттога кирган ҳамда заиф қуролланган яҳудийларнинг қўзғолони бошланди.
Мавзуга оид
18:47 / 14.06.2026
Германия президенти Ўзбекистонга келади
12:48 / 19.05.2026
“Яхши фойда бўлмаса, ташлаб кетадиганлардан эмасмиз” – Германия элчиси
15:57 / 07.07.2025
Германия президенти: Литвани ўз эркинлигини ҳимоя қилишда қўллаб-қувватлаймиз
10:52 / 24.02.2025