Kun.uz мухбири Қишлоқ хўжалиги соҳасининг асоси, энг муҳим йўналишларидан бўлган уруғчилик, селекция ва миллий генофондни сақлаб қолиш масаласида интервью ўтказди.
Интервью давомида ўта муҳим, стратегик соҳанинг қандай қилиб хорижга боғланиб қолгани, уни ривожлантириш йўлидаги қилиниши керак бўлган ишлар ва ўсимлик касалликлари ҳақида сўз борди.
Дастур меҳмонлари Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти проректори Хуршид Тўрақулов, шу институт катта илмий ходими Бахтиёр Расулов ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Жамшид Абдузуҳуров бўлди.
— Бугун гаплашадиган мавзумиз аҳамиятини яхши тушунадиган ҳам, тушунмайдиган ҳам бор. Шунинг учун, келинг, интервью бошида қисқа қилиб уруғчилик, селекция, миллий генофонд нима ўзи ва у нега муҳим деган саволга қисқа-қисқа жавоб берсангиз. Чунки кимдир айтади нимаси долзарб экан бу масалани, уруғ бўлмаса четдан олиб келинаверади-да, шу пайтгачаям шундай қиляпмиз-ку, дея.
Жамшид Абдузуҳуров:
— Охирги йилларда озиқ-овқат хавфсизлиги ҳақида жуда кўп гапиряпмиз. Озиқ-овқат хавфсизлигининг асосида уруғчилик ётади. Қачонки мамлакат ўзини яхши, сифатли уруғлар билан таъминлай оладиган даражада бўлса, шунда озиқ-овқат хавфсизлигининг асосий муаммоси ечилган бўлади. Ҳар бир мамлакат ўзининг уруғчилик тизимига ва сиёсатига эга бўлиши керак.
Хуршид Тўрақулов:
— Уруғ — қишлоқ хўжалигида экиладиган экинларнинг хусусиятини сақловчи ва давом эттирувчи восита. 21 асрга келиб, қишлоқ хўжалигида уруғчилик аҳамияти яна ҳам ошиб кетди. Нима учунки, аср бошларида қишлоқ хўжалигидаги экинлар нави кам ва хусусиятлари бир-бирига яқин эди, бугун эса тур, навлар ва уларнинг хусусиятлари кўпайиб кетди.
Иккинчи тарафдан эса қишлоқ хўжалигига таъсир қилувчи иқлим ўзгариши, қурғоқчилик, ҳар хил касаллик каби омиллар кўпайди. Шундай вазиятда чидамли навлар яратиш орқали катта хавфларнинг олдини олиш мумкин.

Бахтиёр Расулов:
— Агар биз ўзимизнинг миллий генофонд остидаги уруғчиликни ташкил этмасак, хорижга боғланиб қоламиз ва шу орқали қишлоқ хўжалигида турли касалликларнинг кўпайишига олиб келади. Бундай ҳолатда қишлоқ хўжалиги катта хавф остида қолади. Уруғчилик ўсимликдаги касалликларни ташувчи бирламчи бўғин. Шунинг учун ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда миллий генофонднинг аҳамияти катта.
















