Иқтисодиёт | 17:39 / 24.04.2023
45098
5 дақиқада ўқилади

Асосий савдо ҳамкорлар, олтин экспорти ва газ импорти – Ўзбекистоннинг 2023 йил биринчи чоракдаги ташқи савдоси

2023 йилнинг дастлабки уч ойида, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 14,8 млрд долларни ташкил қилди. Бунда Хитой ва Россиянинг улуши 31 фоиз. Ҳисобот даврида 2,4 млрд долларлик олтин экспорт қилинган бўлса, 151 млн долларлик газ импорт қилинган.

Фото: Getty Images

Статистика агентлиги Ўзбекистоннинг 2023 йил январь-март ойларидаги ташқи савдо айланмасига доир ҳисоботни эълон қилди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида республика ташқи савдо айланмаси (ТСА) 14,8 млрд долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 5,7 млрд долларни, импорт ҳажми эса 9,1 млрд долларни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда экспорт ҳажми 2,9 фоизга қисқарган, импорт ҳажми 23,4 фоизга ошган. Ташқи савдо салбий сальдоси эса 3,4 млрд долларни ташкил этган.

Биринчи чоракда халқаро бозорлардаги вазият ёмонлашуви фонида ҳукуматнинг бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларини Ўзбекистон ҳудудига олиб киришга қўйилган тўсиқларни юмшатиши импорт ҳажми сезиларли даражада ошишига ўз таъсирини ўтказган бўлиши мумкин.

2023 йилда ҳам Ўзбекистоннинг Хитой ва Россияга боғлиқлиги сақланиб қолмоқда. Хитойнинг Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми 2,3 млрд долларга етган ва бу борада Россияни ортда қолдирган. Ҳар иккала мамлакатнинг умумий ТСАдаги улуши эса 31 фоизни ташкил қилган.

Ҳисобот даврида ТСАнинг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой (15,9 фоиз) Россия (15,1 фоиз) , Қозоғистон (7,5 фоиз), Туркия (5,6 фоиз), Германия (4,6 фоиз) Корея (4,1фоиз), Туркманистон(1,8 фоиз) ва Қирғизистон (1,7 фоиз) билан қайд этилган.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлатдан фақатгина учта мамлакат – Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ижобий ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 17 та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолган.

2023 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистон экспортида юқори улушга эга бўлган ҳамкор топ-10 давлат:

●     Россия – 736,2 млн;

●     Туркия – 336,4 млн;

●     Хитой – 334,1 млн;

●     Қозоғистон – 280 млн;

●     Афғонистон – 178,2 млн;

●     Қирғизистон – 166,2 млн;

●     Тожикистон – 117,7 млн;

●     Франция – 97,1 млн;

●     БАА – 47,1 млн;

●     Покистон – 44,4 млн доллар.

Ўзбекистон импортида юқори улушга эга бўлган ҳамкор топ-10 давлат:

●     Хитой – 2 млрд;

●     Россия – 1,6 млрд;

●     Қозоғистон – 807 млн;

●     Германия – 655 млн;

●     Корея – 594 млн;

●     Туркия – 460 млн;

●     Туркманистон – 218 млн;

●     Литва – 180 млн

●     Бразилия – 175 млн;

●     Швейцария – 143 млн доллар.

Олтин экспорти

Биринчи чоракда 2,4 млрд доллар қийматидаги олтин сотилган. Бу умумий экспортнинг 42,4 фоизини ташкил этади. Ўз навбатида олтин экспорти 2022 йилнинг мос даври билан таққосланганда, 560 млн долларга камайган. Ўтган йилда Ўзбекистон экспортидаги олтин улуши 50,8 фоизгача етган эди.

Жаҳон бозорида олтин нархлари қимматлашиши фонида Ўзбекистон Марказий банки январь-март ойлари давомида катта миқдорда қимматбаҳо металл экспортини амалга оширган бўлиши мумкин.

Маълумот учун, 2022 йилда 4,1 млрд долларлик, 2021 йилда 4,1 млрд долларлик, 2020 йилда 5,8 млрд долларлик, 2019 йилда эса 4,9 млрд долларлик олтин сотилган.

Ёқилғи маҳсулотларининг экспорти ва импорти

Расмий статистикага кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон 151,2 млн долларлик газ импорт қилди, бу 2022 йилнинг мос даври билан таққослаганда, 2,6 баробарга кўп. Ўз навбатида мазкур даврда газ экспорти 70,4 фоизга ёки 27,4 млн долларгача қисқарган.

Шунингдек, 2023 йилнинг биринчи уч ойида 45,2 миллион долларлик кўмир импорт қилинган, бу ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан 61,7 фоизга кўп.

Ҳисобот даврида 34,4 млн долларлик электр токи сотиб олинган ва 18,9 миллион доллар қийматидаги электр энергияси экспорт қилинган.

Нефть ва нефть маҳсулотларининг экспорти 41,5 фоизга ошиб, 39,5 млн долларни, импорти эса 19,6 фоизга камайиб 34,4 млн долларни ташкил қилган.

Эътиборли жиҳати 2023 йилнинг январь-март ойлари давомида Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш 9,6 фоизга, электр энергияси ишлаб чиқариш эса 5 фоизга қисқарган.

Мавзуга оид