Жаҳон | 15:16 / 25.04.2023
11597
2 дақиқада ўқилади

Германия Суданга 1600 нафар бундесвер аскарини юборади

Берлин ҳукумати аскарларга қурол ишлатиш учун кучли мандат беришни режалаштирмоқда, дея хабар берди Der Spiegel. Германия ва Буюк Британия ўз фуқароларини Судандан эвакуация қилишда давом этмоқда.

Фото: AP

Судандаги қуролли можаро фонида Германия бу мамлакатга 1600 нафаргача бундесвер аскарини юборади, уларнинг миссияси 31 майгача давом этади, деб хабар берди Der Spiegel 25 апрель, сешанба куни Бундестагга юборилган бўлажак миссия мандати лойиҳаси нусхасига таяниб. Германия ҳукуматидаги манбалар Reuters агентлигига бундесвернинг Судандаги миссияси кўлами ва вақти ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади. 

Мандат лойиҳасида айтилишича, «аниқ операцияларни амалга ошириш» мақсадида ва фавқулодда вазиятларда бундесвер контингентининг режалаштирилган ҳажми чекланган муддатга ошиб кетиши мумкин. Der Spiegel нашри ёзишича, Бундестаг шу ҳафта Суданда бундесвер мандатига овоз беради. Бунга параллель равишда, депутатлар Германия ва бошқа мамлакатларнинг 400 га яқин фуқароси Судандан эвакуация қилинганини аввалги сана билан маъқуллайди. 

Der Spiegel хабарида қайд этилишича, Германия мудофаа ва ташқи ишлар вазирликлари немис аскарларига белгиланган вазифаларни бажариш учун қуролдан фойдаланишга рухсат берувчи кучли мандат беришни режалаштирмоқда. Суданда Германия махсус кучлари жангчиларини жалб қилиш режалаштирилган. Германия ҳукумати буни Суданда Абдул Фаттоҳ ал-Бурҳон бошчилигидаги мунтазам армия ва Муҳаммад Ҳамдан Дагало бошчилигидаги Тезкор ҳаракат кучлари ўртасида ҳокимият учун қонли кураш кечаётган қийин вазият билан изоҳлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид