Жамият | 10:40 / 25.04.2023
18993
6 дақиқада ўқилади

«Телба» – телбалар ичидаги соғ бўлган қалб ҳақидаги асар

«Ҳаммадан ўзим зўрман» деб яшайдиган, бир зарбага ўн зарба билан жавоб берадиган, кимгадир озгина кўрсатган яхшилигини «дунёни қутқариш» деб биладиган, манман, такаббур, гўзалликни янчиб роҳатланадиганлар жамиятида «дунёни гўзаллик қутқаради» деган ғоя билан яшовчи, унга қанча зарба беришмасин кечиргувчи, ҳар бир инсонга юксак эҳтиром билан боқувчи, соддадил, бегуноҳ кимсани ким деб аташади? Ҳа, телба! Телба, «идиот» деб аташади.

Фёдор Достоевскийнинг «Телба» романидаги марказий қаҳрамон княз Мишкин ҳам айнан шундай телбалардан. Телба бўлганда ҳам бошқа «соғлар»дан ўткирроқ, ақллироқ телбадир. Реформа пайти жамиятда зиддият кучайиб, инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббат қочган бир вақтда князнинг раҳмдиллиги, беғубор ва бегуноҳлиги одамларга кулгили туюлади. Қаҳрамоннинг соф ва покиза қалбини кирлаб кетган жамият қабул қилолмайди, иложи борича ўзидан соқит қилишга уринади ва уддалайди ҳам (асар сўнгида княз Мишкин келган жойига, яъни Швейцариядаги жиннихонага қайтади). Княз тушиб қолган жамиятда гўзал туйғу ва бебаҳо фазилатлар аллақачон ўз қийматини йўқотиб улгурган ва қаҳрамонимизнинг қарашлари эскилик сарқитига айланиб бўлган эди.

Асардаги бошқа қаҳрамонлар ҳам турли рамзларни ифодалаб келиши мумкин: Настася Филипповна – топталган номус-ор. Аглая – қадрсиз, ҳақоратланган муҳаббат, Ипполид – аламзада ва ичиқораликка оғган умр, Рогожин – пийпаланган гўзаллик ва номусга шайдо ғурур (жабрланувчи сифатида ҳам қарашимиз мумкин) ва ҳоказо.

Княз Мишкинни Дон Кихотга ҳам қиёслашимиз мумкин. Дон Кихот ўзининг соддалиги билан китобхонда кулги қўзғатади. Княз Мишкин кулги қўзғатмаса-да, унинг бошқа фазилати бор. У жудаям пок, боладек маъсум. Афсуски, буни тентакликка йўйишади.

Нима учун Настася Филипповна ва Аглая бошқа «Соғлар»ни эмас, айнан телба князни севади? Унинг на пули, на давлати бор эди. Бошқалардан ожиз ва заиф кўринарди. Аммо князда маънавий бутунлик, қалб тўлиқлиги мавжуд. Шунинг учун ҳам Настася Филипповна бу покиза юракка ўзининг дарз кетган, пийпаланган ва парчаланган юрагини раво кўролмади.

Ҳар бир инсоннинг юрагида кичиккина болакай яшайди. У жудаям беғубор, гуноҳсиз, ишонувчан ва содда. У ёмонлик нима билмайди, ҳатто тушунмайди. Унинг вужуди поклик, тозалик. Доим яхши нарсаларни ўйлайди ва талаб қилади. Инсон улғайгани сари ўша болакайининг овозига қулоқ солмай қўяди. Баъзан ҳаттоки бу овозни бўғиш учун кичик вужуднинг оғзини зўрлик билан ёпади. Унга тазйиқ ўтказа бошлайди. Бора-бора болакай гапирмай қўяди, гапиришга қўрқади. Руҳи жароҳатланади. Ҳар бир киши ичидаги кичик боласининг гапига қулоқ солиб туриши лозим. Уни йўқотиб қўйса, катта мағлубиятга учраган бўлади. Ҳаётини самимият тарк этади.

Достоевскийнинг ҳамма қаҳрамонлари шикаста, эзилган. Бироқ уларнинг ичида катта қалб яширин. Ҳар бири қайсидир жиҳатдан етук кишилар. Бу ёзувчининг қаҳрамонлари китобхонни ўзига шундай чорлаб оладиларки, китобхон ўша қаҳрамон бўлиб яшайди, сўзлайди, ўйлайди. Достоевский асарлари тугамайди, аксинча, тугагандан сўнг бошланади ва китобхон тафаккурида яшайди.

Асардан иқтибослар:

Мен касалим сил эканини ва бунинг давоси йўқлигини аниқ билардим; мен ўзимни ўзим алдамадим, масалани ойдин англадим. Лекин буни қанчалар ойдин тушунганим сари шунчалар қаттиқ яшагим кела бошлади; мен ҳаётнинг этагига ёпишиб олдим ва қандай бўлмасин, яшагим келди.

Мен асло тушунмасдим, қандай қилиб бу одамлар шунча умрга эга бўла туриб, давлатманд бўла билмасликларини (тўғриси, буни ҳозир ҳам тушунмайман). Мен бир камбағал кишини танирдим, кейин уни очликдан ўлибди, деб эшитдим, эсимда, бундан қаттиқ жаҳлим чиқиб кетди: мабодо ўша камбағални тирилтириб бўлганда, мен уни ўз қўлим билан қатл қилган бўлардим балки.

Менинг югургилаб, шўнғиб, типирчилаб, ўзини ўтга, чўғга уриб, доим нимадандир ташвишланиб, қовоғини солиб, хавотирланиб юрадиган, атрофимдан айланиб ўтиб бораётган одамлар тўдаси жонимга тегиб кетди. Уларнинг туганмас ғам-ҳасратлари, туганмас ташвиш ва надоматларининг кимга кераги бор. Уларнинг интиҳосиз аламлари, ёмонликлари, қаҳр-ғазаблари-чи? Олдиларида ҳаётнинг олтмиш йили туриб, яна яшашни билмасалар ва бахтсиз бўлсалар, бунга ким айбдор?

О, ишончингиз комил бўлсинки, Колумб Американи очгандан кейин эмас, Американи очаётган чоғда бахтли бўлган. Гап Янги дунёда эмас, менга деса уни ер ютиб кетмайдими. Колумб уни ростакамига кўрмасдан, нимани очганини аниқ-тиниқ билмасдан ўлиб кетди. Гап ҳаммаси ҳаётда, ҳаётни кашф қилиб боришда, шунинг учун кашфнинг ўзи муҳим эмас.

Назаримда, ёзаётган ҳамма гапларим умумий гапларга ўхшайди, бу гапларга қараб туриб мени «қуёш чиқиши» мавзуйида иншо ёзаётган паст синфларнинг ўқувчиси деб ўйлашлари ҳам мумкин, ё бўлмаса, нимадир демоқчи бўлибди-ю, лекин истакдан нарига ўтолмабди, ёзиб дўндиролмабди... «Ўсолмабди» деб айтишлари мумкин.

Лекин шундай бўлса ҳам яна қўшиб қўйишим керакки, инсон калласида туғиладиган ҳар қандай даҳо ғояда ёки фикрда бошқа одамларга англатиб етказиб бўлмайдиган, жилд-жилд асарлар ва шарҳлар ёзиб, ўттиз беш йил тушунтиришга ҳаракат қилиб ҳам англатиб бўлмайдиган алланима қолиб кетади. Миянгизда асло четга чиқишни истамайдиган алланима доим қолади, абадий сиздан ажралмайди. Сиз шундай ўлиб кетасиз, ўзингизнинг энг асосий фикрингизни ҳеч кимга билдирмай, ҳеч ким билан ўртоқлашмай ўтиб кетасиз.

Мавзуга оид