«Алпомиш» – ўзбек халқ оғзаки ижодининг бебаҳо дурдонаси. Мард, танти йигитларимизни Алпомишга менгзаймиз. Унинг рақиби Ултонтоз эса пасткаш, сотқин ва разил кимса. Алпомишнинг ўзига бас келолмайди-ю, аммо у йўқлигидан фойдаланиб истаган пасткашлигини амалга ошираверади. Иши – макр, айёрлик!

«Ултон» сўзи «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да тагчарм маъносини билдириши қайд этилган. Яна бир қанча манбаларда унинг «манқурт» маъносига ҳам дуч келамиз. Умуман олганда, биринчи маъно «Алпомиш» достонидаги Ултонтознинг феъл-атворига жуда мос. Ултонтоздек пасткаш, ярамас инсонлар ҳар доим, ҳар замонда мавжуд бўлиб келган.

«Ултонтоз» романи воқеалари ҳам Асқартоғ, Муродтепа сингари достонда тилга олинган жойларда бўлиб ўтади. Бунда ҳам ўзига хос рамзийлик бор. Асарда икки давр, икки авлод тўғрисида гап боради. Биринчи давр амирлик замони тугатилиб, мустамлакачилар энди кириб келган, халқни ҳам ўзларига кўниктира бошлаган, Қулли Чилтанов, Асранқул Овулов, Кафилбек, Бектемир Жовмаев, Бегона Ўзбековна, Қайнар кабиларни ўз томонига оғдириб, сиёсатларини айнан шу шахслар орқали юритади. Бу жудаям пухта ўйланган режа эди. Яъни болтанинг сопини ўзидан чиқариш...

Қайнар Умар юзбошининг қизи бўлиб, отаси вафотидан сўнг қизиллар ҳукуматига хизмат қила бошлайди. Унинг акаси Кураш эса аксинча, бу ҳукуматни душман санаб, қарши курашади. Кураш ва унинг сафдошлари енгилгач Афғонистонга чекинишга мажбур бўлади. Чунки мустамлакачилар халқни ичдан емириб улгурган, отани болага, акани укага қарши қайраб, душманга айлантирганди. 

Қайнар аҳолини динсизлаштириш, бойларни қўлга тушириш сиёсатига бошчилик қилади. Аммо доим дилида қилаётган ишидан иккиланиш, аросат ғавғо кўтариб қоларди. У уч бор турмуш қуради, аммо ҳаёти ҳеч ўхшамайди. Ўша пайт ҳукуматга содиқлигини билдириш мақсадида ўғлига ҳам Рево дея исм қўяди. Қайнар ва унинг касбдошлари динга ва бойларга қарши курашиш йўлида кўп шафқатсизликлар қилади, анчагина одамларнинг ҳаётига зомин бўлади. 

Бегона Ўзбековна аҳоли томонидан қулоқ-бурни кесилиб, вафот этади, масжиднинг бузилишида бош бўлган Асранқул Овулов тошбўрон қилинади, Кафилбекни «бўрилар» еб кетади, Қайнар эса давр алмашган сари қадрсизлашади. У маккор, буқаламун ҳукуматнинг оғусига учганидан афсусланади. Акаси Кураш, Ойтувған, Ёмғир сингари элнинг асл фарзандлари чет элларда ватани озодлиги учун ҳаракат қилиб, Ултонтозлар қочгач қайтиб келади. Қайнар акасидан кечирим сўрайди. Мусофирлар ватанининг тупроғига қадам қўйиб, туғилиб ўсган ерларини зиёрат қилиб, хотиржам вафот этади...

Китобнинг иккинчи қисмида энди қаҳрамонлар биринчи авлоднинг давомчилари: Кўчкин Асранқулович, Бодом Замоновна, Барака Бўрон, Ёвқочди сингари ҳукумат дастаклари. Уларнинг фаолиятлари биринчи авлодникичалик қийин ва хавфли бўлмайди. Чунки халқ ҳам мустамлакачи ҳукуматнинг сиёсатига анча мослашиб ювошлашган, қўпол қилиб айтганда, «қўй»лашганди. Иккинчи даврда худосизликка ва Ленин ҳамда Сталинни дохийлаштиришга, тил, ёзув масалаларига кўпроқ урғу берилган.