Жаҳон | 23:25 / 26.04.2023
30548
4 дақиқада ўқилади

Собиқ СССР давлатлари Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдамлашмоқда – Politico

Учинчи мамлакатлар орқали Россияга янги савдо оқимлари пайдо бўлган, бу ерда Россияга экспорт ўсгани, шунингдек, Ғарбдан импорт ошгани қайд этилган. 

Фото: Getty Images

Украинага бостириб кириши сабабли Россияга нисбатан жорий қилинган санкциялар собиқ Совет Иттифоқи давлатлари учун катта бизнесга айланди. Чунки улар воситачилик орқали Россияга товарларни қайта сотиб, пул ишлаб олишга уринмоқда. 

Литва ташқи ишлар вазири Габриэлиус Ландсбергис сўзларига кўра, россияликларни алкоголь, ҳашаматли товарлар ва бошқа Ғарб товарлари билан таъминлайдиган янги таъминот занжирлари Европанинг Москвани жазолаш ҳаракатларига путур етказади ва улар тўсиб қўйилиши керак. Бу ҳақда Politico хабар берди. 

«Европа Иттифоқи санкцияларини четлаб ўтиш нафақат узоқни кўзламасдан қилинган қарор, балки иттифоқимизнинг асосий тамойилларига путур етказади», деди Ландсбергис. Шу билан бирга у Кавказ ва Марказий Осиёдаги баъзи давлатлар Россия билан билвосита савдо марказлари сифатида жадал ривожланаётганини таъкидлади. 

Trade Data Monitor платформасидаги божхона ёзувлари Украина уруши бошланганидан бери Грузия билан Россия савдо айланмаси деярли 22 фоизга ўсганини кўрсатган. Россияга спиртли ичимликлар экспорти эса 120 фоизга ошган. 

Қозоғистоннинг Россияга экспорти худди шу даврда кескин ўсиб, доллар кўрсаткичида тахминан 57 фоизга ўсган. 

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Россия билан яқин савдо алоқаларини сақлаб турган Арманистон ялпи ички маҳсулоти ўтган йили кутилмаганда 11 фоизга ўсган. Россияга экспорт эса ўтган йилга нисбатан беш баравар, Россиядан пул ўтказмалари эса етти баробар ошган. Мамлакат бюджети профицит билан чиққан. Арманистон валютаси драм ҳам дунёдаги энг яхшилардан бирига айланган. 

«Учинчи мамлакатлар орқали янги савдо оқимлари пайдо бўлди, бу ерда Россияга экспорт ўсганини, шунингдек, Ғарбдан импорт ошганини кўриш мумкин», деди Германия халқаро ва хавфсизлик институти катта илмий ходими Янис Клюге. 

Унинг сўзларига кўра, параллель деб аталмиш импорт товарларининг аксарияти Россия билан яқин алоқада бўлган мамлакатлардан етказиб берилган. Ваҳоланки, уларни ишлаб чиқарувчилар Россияга бу товарларни сотишни истамаслигини айтган. 

«Бу кўп миллиард долларлик бизнес ўсиб бормоқда ва Россия қўшниларининг экспорти ошишига ҳисса қўшмоқда», деди Клуге. 

Москвадаги ресторанлардан бирининг эгаси анонимлик шарти билан айтишича, «Пиво хориждан тўғридан-тўғри келяпти, Қозоғистондан спиртли ичимликлар, Грузиядан Coca-Cola етказиляпти». 

Карнеги таҳлил марказининг Евроосиё маркази ходими Темур Умаров сўзларига кўра, бу янги даромад манбалари собиқ совет мамлакатлари иқтисодиётига сезиларли туртки берган. 

«Россиялик ишбилармонлар Қозоғистон, Қирғизистон ва ҳатто Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлмаган Ўзбекистондаги ҳамкорларига Европа мамлакатлари ва дунёнинг бошқа қисмларидан товарларга буюртма беришни сўраб мурожаат қилаётгани ҳақида бир қанча хабарлар келиб тушди», деди у. 

Натижада, «Марказий Осиёдаги иқтисодий вазият анча жонланди ва жадаллашди. Кўпгина корхона ва ташкилотлар Россияда истеъмол товарларига бўлган талаб ошганини кўриб, бу бўшлиқни тўлдириш учун ҳаракат қилмоқда», деди у. 

Нашрнинг таъкидлашича, бундай савдо йўлларининг мавжудлиги, шунингдек, истеъмол товарларидан ташқари, Россия ҳарбий саноатини қўллаб-қувватлашга ёрдам берадиган микрочиплар каби икки томонлама фойдаланиш учун мўлжалланган янада нозик маҳсулотларни ҳам воситачилар орқали етказилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни келтириб чиқаради. 

Мавзуга оид