Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ИҲЕС Россияга 2008 йилги урушдан жабр кўрган грузияликларга товон тўлаш мажбуриятини юклади
Грузия фуқароларига 129 миллион евродан ортиқ товон пули тўланиши шарт. Аммо Россия ИҲЕС қарорларини тан олмайди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) қарорига кўра, Россия 2008 йилда Россия-Грузия урушида жабр кўрган Грузия фуқароларига 129 миллион евродан ортиқ товон пули тўлаши шарт.
Бу Грузия расмийларининг Россияга қарши даъвосининг иккинчи қисми бўйича чиқарилган ҳукм. Грузия Россия томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 41-моддасига асосан товон пули талаб қилган эди. Даъво бўйича асосий қарор 2021 йилда чиқарилган.
Қарорда камида 50 нафар тинч аҳолининг ўлими учун 3,2 миллион евро тўланиши кераклиги айтилган. Ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган ва қадр-қимматни камситувчи хатти-ҳаракатларга учраган 116 фуқарога жами 2,7 миллион евро миқдорида товон тўланиши белгиланган. Бундан ташқари, Россия томонидан босиб олинган ҳудудларга қайтишига тўсқинлик қилинган Грузия фуқароларига 115 миллион евро, Россия томони ўлим ҳолатлари юзасидан етарлича тергов олиб бормаганлиги сабабли жабр кўрган 142 нафар шахсга 8,2 миллион евро товон пули ҳисобланган.
2022 йилда Россия Европа Кенгашидан чиқариб юборилди. Шундан сўнг Россия ҳукумати 2022 йил 15 мартдан кейин қабул қилинган ИҲЕС қарорлари бўйича тўловларни тўхтатишини маълум қилди.
2023 йил февраль ойида Путин Россияда Европа Кенгашининг халқаро шартномаларини, шу жумладан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясини бекор қилувчи қонунни имзолади.
Бироқ, ИҲЕС таъкидлаганидек, бу қонун Европа Кенгашидан чиқишдан олдинги даврда қилинган ҳаракатларга тааллуқли эмас ва мамлакатни конвенция қоидаларига риоя қилиш мажбуриятидан озод этмайди.
Жанубий Осетия ва Абхазия Грузия ССР таркибига кирган. 1990 йиллар бошида улар ўз мустақиллигини эълон қилди. Грузия ҳамон бу ҳудудларни ўзиники деб билади. 2008 йилда бу ҳудудларга рус қўшинлари киритилди ва қисқа муддатли ҳарбий ҳаракатлар содир бўлди. Шундан сўнг, Россия раҳбарияти уларнинг мустақиллигини тан олди. Грузия эса уларга Россия томонидан босиб олинган ҳудудлар мақомини берди.
Мавзуга оид
14:29 / 03.05.2026
Халқаро қидирувдаги шахс Грузиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди
19:29 / 22.09.2025
Россия ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга қодир – Путин
15:20 / 22.09.2025
Қрим «ҳокимияти» Украина Форосга зарба берганини маълум қилди
14:35 / 22.09.2025