Жаҳон | 19:29 / 22.09.2025
13046
5 дақиқада ўқилади

Россия ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга қодир – Путин

Россия президенти Владимир Путин Россия Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказди ва бир қатор муҳим баёнотларни берди. У ракетага қарши мудофаа тизимларини коинотда жойлаштириш бўйича АҚШ режаларини танқид қилди ва Россия «кескинликнинг янада кучайишидан ва қуролланиш пойгасини рағбатлантиришдан манфаатдор эмас» эканини айтди.

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин 22 сентябр куни Россия Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказди ва бир қатор муҳим баёнотларни берди. Кремл раҳбарининг таъкидлашича, стратегик барқарорлик соҳасидаги вазият ёмонлашишда давом этмоқда.

«Бугун мен миллий манфаатларимизни, Россия суверенитетини ҳимоя қилиш, умуман халқаро хавфсизликни таъминлаш учун фавқулодда муҳим ва принципиал аҳамиятга эга бўлган бошқа масаладан бошлашни истардим. Мен стратегик барқарорлик соҳасидаги вазиятни назарда тутяпман. У, афсуски, таназзулга юз тутишда давом этмоқда», деди у.

Унинг сўзларига кўра, бу «мавжуд таҳдидларнинг кучайиши ва янги стратегик хавфларнинг пайдо бўлишига олиб келадиган бир қатор салбий омилларнинг биргаликдаги таъсири» билан боғлиқ.

Путиннинг таъкидлашича, Ғарбнинг вайронкор қадамлари туфайли ядровий кучлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик пойдеворига жиддий путур етди.

«Ғарб давлатлари томонидан илгари қўйилган етарлича ҳалокатли қадамлар оқибатида ядро қуролига эга давлатлар ўртасидаги конструктив муносабатлар ва амалий ҳамкорлик пойдеворига жиддий путур етди. Мулоқот, тегишли икки ва кўп томонлама форматлар учун асослар заиф бўлиб чиқди», деди у.

Унинг таъкидлашича, Россия 2026 йил 5 февралдан кейин Стратегик ҳужум қуроллари тўғрисидаги шартнома (СҲҚШ) бўйича миқдорий чекловларга яна бир йил амал қилишга тайёр, агар АҚШ ҳам шундай қилса.

«Стратегик қуролланиш пойгасининг давом этишини қўзғатмаслик, мақбул даражадаги башорат қилиш ва вазминликни таъминлаш учун биз ҳозирги етарлича турбулент босқичда СҲҚШ туфайли шаклланган статус-квони сақлаб қолишга ҳаракат қилишни оқилона деб ҳисоблаймиз. Шунинг учун Россия 2026 йил 5 февралдан кейин бир йил давомида ушбу шартнома бўйича марказий миқдорий чекловларга риоя қилишни давом эттиришга тайёр», деди Путин.

«Ўйлаймизки, ушбу чора фақат АҚШ ҳам худди шундай ҳаракат қилганда ва мавжуд тийиб туриш салоҳияти нисбатига путур етказадиган ёки бузадиган қадамлар қўймаган тақдирдагина ҳаётий бўлади», деб қўшимча қилди у.

Кремл раҳбари сўзларига кўра, Россия ҳар қандай таҳдидларга сўз билан эмас, балки ҳарбий-техник чораларни қўллаш орқали жавоб беришга қодир, аммо шу билан бирга, у қуролланиш пойгасини рағбатлантиришдан манфаатдор эмас.

«Таъкидлайман ва бунга ҳеч кимда шубҳа бўлмаслиги керакки, Россия ҳар қандай мавжуд ва янги пайдо бўлаётган таҳдидларга жавоб бера олади: сўз билан эмас, балки ҳарбий-техник чораларни қўллаш орқали», деди Путин.

У Россиянинг ўрта ва қисқа масофали ерусти ракеталарини жойлаштиришга бир томонлама мораторийдан воз кечиш тўғрисидаги қарорини мисол қилиб келтирди. «Бу Европа ва Осиё-Тинч океани минтақасида Америка ва бошқа Ғарбда ишлаб чиқарилган шунга ўхшаш қуролларни жойлаштириш дастурларига муносиб жавоб бериш зарурати туфайли мажбурий қадам бўлди, бу эса Россия хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид солади», деди Путин.

Шу билан бирга, президентнинг таъкидлашича, Россия «кескинликнинг янада кучайишидан ва қуролланиш пойгасини рағбатлантиришдан манфаатдор эмас».

Путин сўзларига кўра, коинотда АҚШ ракетага қарши мудофаа тизими элементларини жойлаштириш Москванинг стратегик ҳужум қуроллари (СҲҚ) соҳасидаги статус-квони сақлаб қолиш бўйича саъй-ҳаракатларини йўққа чиқариши мумкин.

«Тегишли идоралардан Америка томонининг тегишли фаолиятини, биринчи навбатда, СҲҚ арсеналини синчковлик билан кузатишда давом этишини сўрайман», деди у.

Президентнинг таъкидлашича, «АҚШ ракетага қарши мудофаа тизимининг стратегик таркибий қисмларини кенгайтириш режаларига, жумладан, коинотда уриб тушириш воситаларини жойлаштиришга тайёргарлик кўришга ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак».

«Шунга асосланамизки, бундай беқарорлаштирувчи ҳаракатларнинг амалга оширилиши СҲҚ соҳасидаги статус-квони сақлаб қолиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни йўққа чиқариши мумкин. Шунга яраша муносабат билдирамиз», деди у.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид