Ўзи нима гап?

24 апрел куни ижтимоий тармоқларда тожикистонлик чегарачиларнинг хизматдошлари томонидан шафқатсизларча калтаклангани акс этган видео тарқалди. Ушбу тасвирлар нафақат Тожикистон, балки Ўзбекистондаги интернет фойдаланувчилари ўртасида ҳам муҳокама мавзусига айланди.

Видеода хизматга олдинроқ келган аскарлар армияга янги чақирилганларни қандай дўппослагани тасвирланган. “Дед”лар девор ёнига тизиб қўйилган ёш аскарларнинг боши ва орқасига ёғоч билан уришган, навбати билан юзларига қулочкашлаб туришган, улардан бирини ётқизиб қўйиб аямасдан тепишган.

Видео нима учун Тожикистонда расмийлар ҳарбий хизматдаги дедовшинани йўқотолмаётгани ҳақидаги саволларни ўртага чиқарган. Интернетда ҳарбий қисмда бундай бошбошдоқликларни келтириб чиқарганларни топиб, қаттиқ жазолашга чақириқлар кўпайган.

Интернет фойдаланувчиларига кўра, янги чақирилганларга қўпол муносабатда бўлиш ҳарбий хизматга мажбурларни армияга саралаш босқичидаёқ бошланади, шунинг учун ҳам аксарият ота-оналар фарзандларини армияга юборишни исташмайди.

Ғойиб бўлган расмий баёнот

Тожикистон бош прокуратураси ҳодиса Сўғд вилоятида Конибодом шаҳрида жойлашган чегара қисмларидан бирида содир бўлгани, янги келганларни “тарбиялаб” қўймоқчи бўлган беш нафар ҳарбий хизматчи аллақачон қўлга олинганини маълум қилди.

“Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинларининг 0215-сонли ҳарбий қисми ҳарбий хизматчилари сержант Жонибек Қосимзода, аскарлар Фахриддин Азимов, Аъзам Камолов, Маҳмадназар Нозимов ва Ҳожиакбар Сайфуллоев устав қоидаларини қўпол равишда бузиб, хизматдошлари – кичик сержант Меҳмонжон Мисиров, аскарлар Бекзод Чориев, Замир Каримзода, Некрўз Амиров, Алишер Мусоевни калтаклаб, соғлиғига зарар етказган”, дейилади