Бугун нафақат тижорат, ҳатто хизмат кўрсатиш соҳасида насия савдо жуда авж олди. Қонунан тақиқланмаган бундай савдо тури узоқ қишлоқларда жойлашган кичик дўкондан тортиб, миллионлаб доллар айланма маблағга эга бўлган йирик тадбиркорлар ўртасида ҳам урфга кириб бўлган.

Аксарият ҳолларда бундай савдо нотариус орқали қонунийлаштириб қўйилмайди ва ҳар икки томоннинг лафзига ишониб, қарз дафтарга қайд этиб қўйилади.

Бироқ кейинги йилларда дўкондорларнинг, улгуржи савдогарларнинг ишончини суиистеъмол қилиш, насияга олинган нарсаларнинг пулини айтилган вақтда бермаслик ёки умуман бермаслик бирмунча авж олди.

Ҳамюртимиз томонидан электрон почтамга юборилган қуйидаги мактуб ҳам шу мавзуда экан.

«Эсимни таниганимдан бошлаб савдо соҳаси мен учун қизиқарли соҳа бўлиб келган. Доим маҳалламизда кичкина бўлса ҳам ўз дўконим бўлишини ва унда инсоф билан савдо қилиб, қора қозонимни қайнатиш билан бирга маҳалладошларим оғирини енгил қилишни ўйлардим.

Кейинчалик орзум ушалди, гарчи бировнинг дўконини ижарага олиб ишлатган бўлсам-да, дўкондор ҳам бўлдим. Бироқ бу иш мен ўйлаганимдан анча мураккаб экан.

Бир неча ой дўкондорлик қилгач, асабларни кемирувчи бу ишдан ҳафсалам пир бўлди. Энди ҳатто кимдир маҳалламда бутун бошли дўконни совға қилса ҳам дўкондорлик қилмасам керак. Бунинг сабабларини қуйида тушунтираман.

Эсимда, маҳалламиздаги илк дўкон 1990-йилларининг бошида, мустақилликнинг илк йилларида очилган эди. Орадан бир неча йил ўтиб уларнинг сони 3–4 тага етиб қолди.

Ўтган йиллар мобайнида ўша дўконларнинг ҳар бирида камида 5-6 нафардан, баъзиларида ундан ҳам кўп одам дўкондорлик қилишга улгурди.

Дўконларни энг аввал эгалари ишлатишди. Орадан бир-икки йил ўтар-ўтмас негадир улар дўконларини бошқаларга ижарага беришга ўтишди. Бир кам дунё дейилгани шу бўлса керак – кимдир дўкондор бўлишни орзу қилади, кимдир эса ундан қутулишни.

Ўша пайтда мен ва дўкондорликни орзу қилиб юрган бошқа маҳалладошларим дарров ўша дўконларни ижарага олишга шошилдик. Ниҳоят мен ҳам дўкондор бўлдим. Аммо бу иш узоққа чўзилмади.

Ижарага олган дўконимни бор-йўғи олти ой ишлатдим ва эгасига қайтардим. Бошқалар ҳам негадир узоқ вақт дўкондорлик қила олишмади.

Бироқ дўконлар ҳеч қачон бўш қолиб кетмасди. Дўкондорлик қилиб бойиб кетиш ҳақидаги умидлари чилпарчин бўлган бир одам дўконни топширар экан, тирикчилик ташвишидаги бошқа бир даъвогар уни қабул қилиб оларди.